Ўзбекистон | 17:27 / 08.11.2018
8655
2 дақиқада ўқилади

«Майда» иқтисодий ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилади

Фото: iStock

Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Doing business» йиллик ҳисоботида мамлакат рейтингини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Олий суд Иқтисодий процессуал кодексга киритиладиган тузатишлар лойиҳасини ишлаб чиқди, деб хабар бермоқда «Норма».

Унга кўра, баҳоси юридик шахсларга нисбатан 20 ЭКИҲдан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса 5 ЭКИҲдан ошмайдиган даъволарни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш таклиф этилмоқда. Ушбу механизм корпоратив низолар бўйича ишларга ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларга татбиқ этилмайди.

ИПКга иқтисодий ишларнинг соддалаштирилган тартибда кўрилишини тартибга солувчи янги бобни киритиш режалаштирилмоқда. Судья ишларни шахсан ўзи тарафларни чақирмай улар тақдим этган ҳужжатлар ва далиллар асосида кўриб чиқади. Даъвогарга ва судга ўз мурожаатини юбориш учун жавобгарга даъво нусхасини олган пайтдан бошлаб 10 кун муҳлат берилади.

Кўриб чиқиш жадаллаштирилади – ажрим чиқарилган кундан бошлаб 20 кун ичида. Уни узайтириш тақиқланади, бунда чет эллик шахслар иштирокидаги ишлар ягона истисноли ҳолат ҳисобланади.

Тавсифланган имкониятдан фойдаланиш учун даъвогар ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни жавобгарга тақдим этиши, шунингдек ишни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқишни сўраб илтимоснома ёзиши керак бўлади.

Бундай ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари ихтиёрий тартибда зудлик билан ижро этилиши шарт, акс ҳолда кейинчалик ундириш мажбурий тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати топширилади. Соддалаштирилган тартибда кўрилган ишлар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари устидан апелляция шикоятлари 10 кун ичида қабул қилинади ва судга келиб тушган пайтдан бошлаб 15 кун ичида кўриб чиқилади.   

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид