Жаҳон | 22:20 / 09.11.2018
23039
2 дақиқада ўқилади

Толибонлар Афғонистон билан тинчлик бўйича музокаралар ўтказишга рози эмас

Фото: Reuters

«Толибон» ҳаракати вакиллари Афғонистон билан тўғридан-тўғри музокарага киришишни исташмайди. Москвада Афғонистон масаласида ўтказилган маслаҳатлашувда иштирок этган толибонлар делегацияси вакили Муҳаммад Аббос Станакзай тинчлик бўйича музокаралар фақат АҚШ билан ўтказилишини маълум қилди.

«Бу конференция тўғридан-тўғри музокаралар масаласида эмас», деган Станакзай Москвадаги учрашув якунида журналистларга.

«Биз Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини қонуний деб тан олмаймиз. Шунинг учун биз улар билан тўғридан-тўғри музокара ўтказмаймиз. Кобул ҳатто бу конференцияга ўз вакилини жўнатмаган», дея қайд этган у.

«Биз америкаликлар билан тинчлик музокараларида биринчи навбатда мамлакат ҳудудидан хорижлик ҳарбийларни олиб чиқиб кетишни талаб қиламиз», дея маълум қилган Станакзай.

Толибонлар вакили «Москва формати муваффақиятли ўтгани, бу учрашувда толибонлар билан ҳамфикр томонларнинг позициялари маълум бўлгани» ҳақида гапирган.

«Биз Россияга бу таклиф учун миннатдорчилик билдирамиз ва умид қиламизки, бу тадбир охиргиси бўлиб қолмайди», деган у.

Мавзуга оид