Жамият | 19:48 / 10.11.2018
3218
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ҳиндистоннинг Интеграл университети билан АКТ соҳасида ҳамкорлик қилади

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов Ҳиндистоннинг Интеграл университети асосчиси ва ректори Саид Васим Ахтар бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Учрашувда АКТ соҳасида халқаро стандартлар даражасида юқори малакали, биринчи навбатда, дастурий таъминот ишлаб чиқиш, ахборот тизимларини ва компьютер тармоқларини бошқариш йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди. Бунда Ҳиндистоннинг илғор тажрибасини татбиқ қилиш муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон президентининг яқинда Ҳиндистонга давлат ташрифи доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги АКТ соҳасида ҳиндистонлик ҳамкорлар билан бир қатор шартномалар, хусусан, технопаркларни ривожлантириш, АКТ соҳасида кадрларни тайёрлаш, электрон ҳукуматни ривожлантириш, тинчлик мақсадларида космик тадқиқотлар ва бошқа бир қатор шартномалар имзолангани қайд этилди. Айниқса, Ҳиндистон билан АКТ-таълими соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ҳиндистоннинг Интеграл университети мамлакатнинг обрўли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Мазкур университетга 2004 йили Лакхнау шаҳрида асос солинган. Ҳозирги кунда университетда 9,8 мингдан ортиқ талаба архитектура, компьютер илми, иқтисод, тижорат, маданият ва бошқа соҳалардаги 150 дан ортиқ таълим дастурлари бўйича таҳсил олмоқда.

Университет 17 та таълим йўналиши бўйича бакалавр ҳамда 14та мутахассислик бўйича магистр тайёрлайди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид