Жамият | 11:42 / 13.11.2018
35532
6 дақиқада ўқилади

Энг узоқ давом этган 5та сериал

Телевидение борки сериаллар ҳам бор. Турли йилларда ўзбек томошабинлар «Канизак Изаура», «Бойлар ҳам йиғлайди», «Оддий Мария», «Эсмеральда» каби сериаллар қаҳрамонларининг тақдири учун куйиб ёнишди. Айниқса, тўқсонинчи йилларда намойиш этилган, боши-ю охири йўқ «Санта-Барбара» ўзининг узлуксизлиги билан абадий давом этадигандек таассурот қолдирганди. Ўзбек томошабинлари сўнгги йилларда аввал корейс, сўнгра ҳинд ва охир-оқибат турк сериалларини севиб томоша қилишяпти. Аммо юқорида номи келтирилган сериалларнинг бирортаси давомийлиги бўйича ўнликка ҳам киришмайди.

Яхшиямки, қуйидаги кучли бешлик сериаллари бизда намойиш этилмаган. Бўлмаса, улар ҳар куни кўпчиликнинг вақтини бекорга совуриш бўйича қанчадан қанча можаро-ю шов-шувларга сабаб бўлармиди. Ахир, бирор сериални танлаш ва мунтазам томоша қилиш «анча масъулиятли» масала. Чунки, томошабин ҳар куни бунинг учун бошқа ишлардан кечиб маълум вақт ажратиши, ўша қаҳрамонлар учун куюниши зарур-да! Келинг, яхшиси рейтинг билан танишамиз.

5.  «Ёш ва чўрткесарлар» (1973 йилдан буён давом этмоқда)

«Ёш ва чўрткесарлар» («The Young and the Restless») сериали 1973 йилдан бошлаб турли телеканалларда, турли вақтларда эфирга узатиб келинмоқда. Агнес Никсон муаллифлигидаги сериал воқеалари Висконсин штатидаги ўйлаб топилган Генуя Сити шаҳрида кечади ва бадавлат Брукс ва камбағал Фостерлар оиласининг муносабатлари асосида бошланган. Кейинчалик, ўзаро рақобатга Ньюменлар ва Эбботлар оиласи қўшилади. Дастлаб бу сериал ҳафтасига 5 марта, 30 дақиқадан узатилган. 1980 йилдан буён бир соатдан намойиш этилмоқда ва юқори рейтинглардан бирини эгаллаб турибди.

4. «Барча фарзандларим» (1970 – 2011 йиллар)

«Барча фарзандларим» («All My Children») ва «Ёш ва чўрткесарлар»нинг бир умумий жиҳати – ҳар иккисининг муаллифи Агнес Никсон. Воқеалар Пенсильванияда бўлиб ўтади ва сериалда жамиятдаги мураккаб масалаларни, масалан, Вьетнам уруши муаммосини кўтариб чиқиш мақсад қилинган. Шунингдек, бу сериал пластик жарроҳлик самараси ва оқибатларини биринчилардан бўлиб тушунтириб берган лойиҳа ҳисобланади.

3. «Яшаш учун биргина ҳаёт» (1968 – 2012 йиллар)

«Яшаш учун биргина ҳаёт» («One Life to Live») сериалининг муаллифи ҳам Агнес Никсон. Бу сериал 1968 йилнинг 15 июлидан бошлаб ABC телеканалида эфирга узатилган. Воқеалар Лланвью номли уйдирма шаҳарда ривож топади ва асосан, ирқий зиддиятлар ҳамда гиёҳвандлик муаммоларини тасвирлайди. Жами 11 096 серия ишланган бўлиб, улар 29 дақиқадан бир соатгача давом этган. 2002 йилда сериал «Энг яхши драматик сериал» номинациясида «Эмми» мукофотини қўлга киритган.

2011 йилнинг 4 апрелида ABC телеканали 43 йил давом этган лойиҳа ёпилиши ҳақида эълон қилди. Сериалда турли даврларда Лоуренс Фишборн, Томми Ли Жонс каби Ҳолливуд юлдузлари ҳам иштирок этишган.

Дарвоқе, бош қаҳрамон ролини ўйнаган актриса Эрика Слезак сериалнинг бошидан охиригача – 43 йил роль ўйнаган.

2. «Дунё қандай айланади? » (1956 – 2010 йиллар)

«Дунё қандай айланади?» («As the World Turns») сериали давомийлиги жиҳатдан кумуш медаль соҳиби ҳисобланади. 1958 йилдан 1978 йилга қадар бу сериал юқори рейтингни сақлаб туриш бўйича рекордчи ҳамдир. Жами 13 858 серия ишланган бўлиб, хронометражи 10 400 соатни ташкил этади. Эфирга узатилиш вақти бўйича ҳам бу сериал ўзига хос: дастлабки сериялари 30 дақиқадан бошланиб, кейинчалик эфир вақти орта борган. Бу лойиҳага қадар эса сериаллар 15 дақиқадан эфирга узатилган.

Сериал воқеалари Окдейл номли уйдирма шаҳарда кечади ва маиший муаммолар ҳақида сўзлайди.

Қизиғи, сериал 54 йил давомида бошдан-охир фақат бир шаҳар – Нью-Йоркда суратга олинган.

1. «Йўлчи юлдуз» (1937 – 2009 йиллар)

«Йўлчи юлдуз» («Guiding Light») бу борада мутлақ чемпион бўлиб, ҳали бери бирор лойиҳа унга ета олмаса керак. Чикаго яқинидаги шаҳарлардан бирида кечувчи воқеалар 15 000 серия давомида томошабинларни жалб қилиб турди ва ҳақли равишда Гиннесс рекордлар китобига киритилган.

Бу сериал дастлабки сериялари радиода бошланиб, кейинчалик телеэкранларга кўчгани билан ҳам ўзига хосдир. Олти оиланинг ўзаро муносабатлари 72 йил давом этганидан сўнггина ниҳоясига етди. CBS компанияси 2009 йилда паст рейтинглар туфайли лойиҳани тўхтатишга қарор қилди ва ўша йилнинг 18 сентябрида охирги серия эфирга чиқди.

Маълумот учун: ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларда Россия телеканаллари орқали намойиш этилган, бизда ҳам кўпчилик томоша қилган «Санта-Барбара» сериали бирор жиҳати бўйича юқоридаги лойиҳалар билан беллаша олмайди. Чунки сериал «бор-йўғи» 2137 серия бўлиб, 1984 йилдан 1993 йилга қадар эфирга узатилган. «Россия» телеканали эса бу сериални 1992 йилда 217-сериясидан (худди биринчи сериядек) бошлаб, ўртада узилишлар билан 2002 йилга қадар эфирга узатган ва барибир охиригача намойиш этмаган.

Мавзуга оид