Ўзбекистон | 15:19 / 13.11.2018
6002
3 дақиқада ўқилади

ШҲТ мамлакатлари Ёшлар ассамблеясининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш таклиф қилинди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Саидакбархон Акбаров Ёшлар туризмини ривожлантириш Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик ва туризм салоҳияти ривожига янгича нафас бахш этишини таъкидлади ва ШҲТ мамлакатлари Ёшлар ассамблеясининг келгуси йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи билан чиқди. KUN.UZ мухбири Дунфан шаҳри (Хитой)да бўлиб ўтган I ШҲТ Ёшлар ассамблеяси доирасидаги Ўзбекистон вакилининг сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Саидакбархон Акбаров

Саидакбархон Акбаров ШҲТ мамлакатлари ёшларининг терроризм ва экстремизмга қарши курашиши йўлида уларни тўғри йўналтириш муҳимлигига диққатни қаратиб, бу йўлда ёшларни туризмга жалб қилиш айни муддао экани, улар учун қатор имкониятлар яратилаётганини таъкидлади. 

“Ёшларнинг аксарияти талабалар бўлгани боис биз улар учун қулай ва ҳамёнбоп бўлган йўналишларни йўлга қўйишимиз керак. Бунинг уддасидан чиқсак, бу ШҲТ майдонидаги ҳамкорлик ва туристик салоҳият ривожига янгича нафас бағишлайди”, - деди Акбаров. 

Қўмита раиси ўринбосари шунингдек туризм турли мамлакатлар ёшларининг яқинлашуви, ўзаро дўстона алоқалар ўрнатишига туртки беришига алоҳида эътибор қаратди ва шу ўринда Буюк Ипак йўли мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилиш имконини тақдим этувчи янги виза ҳақида маълумот берди. 

“Биз ҳудудлари Буюк Ипак йўли бўйлаб ўтган мамлакатлар туризми ривожи учун махсус имкониятларни тақдим этувчи Silk Visa’ни татбиқ этишга доир ишларни олиб боряпмиз. Ушбу виза ёрдамида сайёҳлар бирйўла бир эмас, бир неча мамлакатга саёҳат қилишлари мумкин”, - қўшимча қилди у. 

ШҲТ мамлакатлар Ёшлар ассамблеяси раиси Таалайбек Дайирбеков ҳам Ўзбекистон вакилининг сўзларини қўллаб-қувватлаб, ШҲТ доирасида туризмни ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратди ва бу нафақат қўшни мамлакатлар, балки халқаро ҳамжамият томонидан минтақага бўлган эътиборни оширишини таъкидлади. 

Маълумот учун: I ШҲТ мамлакатлар Ёшлар ассамблеяси 9-11 ноябрь кунлари Жанубий Хитойдаги Дунфан шаҳрида “ШҲТ ёшлари терроризм ва экстремизмга қарши” шиори остида бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари ШҲТ кўламида терроризм ва экстремизмга қарши курашиш ва хавфсизликни таъминлашга оид долзарб масалаларни муҳокама қилишди. 

Мавзуга оид