Ўзбекистон | 23:37 / 15.11.2018
4734
3 дақиқада ўқилади

Туризм бўйича I Халқаро инвестиция форуми доирасида инвестицион лойиҳалар учун ер участкалари ажратишга доир алоҳида тартиб ўрнатилади

Туризм соҳасига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ва қулай сармоявий муҳитни яратиш, инвесторларнинг мазкур йўналишда олиб борилаётган давлат сиёсатига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, шунингдек давлат тузилмаларининг инвесторлар билан ишлашга доир масъулиятини ошириш мақсадида 15 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг 931-сонли қарори имзоланди.

“2018 йилнинг 19-21 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган туризм соҳасига оид биринчи Халқаро инвестицион форумни самарали ўтказиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг Форум даврида истисно сифатида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун ер участкалари ажратишга доир алоҳида тартиб ўрнатилишига оид таклифи қабул қилинди.

Алоҳида тартиб қуйидагиларни кўзда тутади:

  • Инвесторга аниқ инвестицион мажбуриятлар асосида, электрон кимошди савдоси ўтказилмаган ҳолда туристик инфратузилма объекти қурилиши учун ер участкасини ажратиш;
  • Жойлардаги давлат бошқарув органи раҳбари ва инвестор ўртасида мавжуд шарт-шароитлар асосида келишувга эришилган тақдирда, лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги инвестицион битимни имзолаш;
  • Инвестор томонидан 15 ишчи куни давомида Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида инвестицион келишув суммасининг 25 фоиз миқдоридаги пул воситасини депозитга қўйиш ёки 5 фоизи миқдорида мажбуриятларни бажариш кафолатини (performance bond) тақдим этиш шарти билан инвестицион ҳужжатни имзолаш.
  • Инвестор томонидан пул воситалари киритилган ёки молиявий мажбуриятлар ижро этилишига оид кафолат берилган кундан эътиборан беш кун муддат ичида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари инвестицион лойиҳани амалга ошириш учун ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилишлари керак бўлади.

Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ, жойлардаги бошқарув органлари вакиллари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан ҳамкорликда инвестицион битимлар тузилганидан кейин уч ой муддат ичида сармоядорлар билан ҳамкорликда инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга оид тармоқ графикларини ишлаб чиқишлари, тасдиқлашлари ва Вазирлар Маҳкамасига киритишлари лозим. Бундан ташқари, уларга инвестицион лойиҳалар белгиланган муддатда амалга оширилишида сармоядорларга амалий кўмак бериш ва мониторинг билан таъминлаш вазифаси  топширилди.

Мазкур қарор ижроси назорати Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раиси А.Ж.Раматов, Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Ҳолмуродов ҳамда Бош вазир ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклатилди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид