Ўзбекистон | 22:50 / 15.11.2018
32493
4 дақиқада ўқилади

Жиззах вилояти ҳокими ҳам навбатдан ташқари ҳашар эълон қилгани маълум бўлди. Ўқитувчилардан «Сўғдиёна» учун маблағ йиғилган

Халқ таълими вазирлигининг Ҳуқуқий-назорат хизмати Жиззах вилоятида ўқитувчилардан маҳаллий «Сўғдиёна» футбол клубининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 272,15 млн. сўм маблағ йиғилганини аниқлади. Ҳозирда ушбу маблағларни эгаларига қайтариш бўйича чоралар кўрилмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Вазирлик хабарига кўра, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев 2018 йилнинг 2 ноябрида «Сўғдиёна» профессионал футбол клубининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги 360-Ф сонли фармойиши қабул қилинган. Мазкур фармойишга асосан жорий йилнинг 3–4 ноябрь кунлари умумхалқ ҳашари ташкил этилган. Фармойишда умумхалқ ҳашари доирасида бошқармалар, идоралар ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағлари «Сўғдиёна» профессионал футбол клубининг ҳисоб рақамига ихтиёрий равишда ўтказилиши белгилаб қўйилган.

Ушбу умумхалқ ҳашари доирасида Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 10та туман халқ таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим мактаби ишчи-ходимларидан жами 272.156.729 сўм миқдорида пул маблағлари ишчи-ходимларнинг иш ҳақидан ўтказиб берилган.

Таъкидлаш лозимки, ҳокимнинг бу фармойиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сонли «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига зид равишда қабул қилинган.

Ҳукумат қарорининг 2-бўлим «а» бандига кўра, умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Ўзбекистон Президентининг тегишли ҳужжати ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори мавжуд бўлгандагина ташкил этиш мумкин.

Халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизмати аралашувидан сўнг Жиззах вилояти ҳокимининг 2018 йил 2 ноябрдаги «Сўғдиёна профессионал футбол клубининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги 360-Ф сонли фармойиши 2018 йил 10 ноябрдаги 369-Ф-сонли фармойиш билан бекор қилиниши таъминланди.

Ҳозирда «Сўғдиёна» футбол клуби ҳисоб рақамига ноқонуний ўтказилган пул маблағларини қайтариш чоралари кўрилмоқда, дейилади вазирлик ахборот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз аввалроқ Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмоновнинг фармойишига кўра вилоятда ноябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида хайрия ҳашари ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар ходимларининг ихтиёрийлик асосидаги ёзма розилигига кўра бир кунлик иш ҳақлари хайрия ҳашарида ишлаб топилган маблағ сифатида Андижон вилояти ҳокимлигининг махсус ҳисоб рақамига туширилиши лозимлиги белгиланганди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг жорий йилнинг ноябрь ва декабрь ойларини вилоятда «маънавият ойи» деб эълон қилгани ҳақидаги қарорига муносабат билдирди.

Вазирлик муносабатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сонли қарорига мувофиқ, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳашарлар қандай шартларга қатъий риоя этилган ҳолда ташкил этилиши ва ўтказилиши эслатиб ўтилган.

Мавзуга оид