Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
I Халқаро туризм соҳасидаги инвестицион форум: мақсад, иштирокчилар, лойиҳалар ва кутилаётган натижалар
19-21 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестицион форуми ўтказилади. Тадбир якунларига кўра, Ўзбекистондаги ҳар бир ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини максимал даражада кенгайтиришга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга доир келишувларга эришиш ва бу лойиҳаларни йўлга қўйиш давомида инвесторларни тўлиқ қўллаб-қувватлаш режалаштирилган. KUN.UZ мухбири 16 ноябрь куни форум олдидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
Форум мақсади
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Абдулазиз Аккулов халқаро инвестицион форумнинг мақсади ҳақида шундай дейди:

“Сўнгги икки йил давомида Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш учун муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг соҳага оид қатор фармон ва қарорлари асосида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва уларга зарур шароитларни яратиш бўйича чора-тадбирлар режаси ва аниқ топшириқлар белгилаб берилган эди. Шулар асосида йил охирида сайёҳлик инфратузилмаларини янада ривожлантириш бўйича келгусида амалга оширилиш лозим бўлган лойиҳаларга инвесторларни жалб қилиш мақсадида I Халқаро туризм соҳасига инвестиция киритишга оид форум ташкил этилди. Ушбу тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – 2018 йилнинг 10 ой давомида Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижликлар сони 2 млн 200 дан 4 млн 400 нафарга, яъни икки бараварга ошди. Бу рақамлар бизга келгусида сайёҳлик инфратузилмаларини, меҳмонхоналар, транспорт ва йўл инфратузилмаларини янада ривожлантириш учун тегишли шароитларни яратишни талаб этади. Шу мақсадларни кўзлаган ҳолда 19-21 ноябрь кунлари инвестиция форумини ўтказишни режалаштирдик”.
Унинг сўзларига кўра, Форум натижалари бўйича Ўзбекистондаги ҳар бир ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини максимал даражада кенгайтириш мақсадида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга доир келишувларга эришиш ва келгусида инвесторларни тўлиқ қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Инвесторлар қулайлиги учун янги қарор
Туризм соҳасига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ва қулай сармоявий муҳитни яратиш, инвесторларнинг мазкур йўналишда олиб борилаётган давлат сиёсатига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, шунингдек давлат тузилмаларининг инвесторлар билан ишлашга доир масъулиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “2018 йилнинг 19-21 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган туризм соҳасига оид биринчи Халқаро инвестицион форумни самарали ўтказиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 931-сонли қарори имзоланди. Унга кўра, Форум даврида истисно сифатида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун ер участкалари ажратишга доир алоҳида тартиб ўрнатилиши белгилаб қўйилди. Махсус тартибга кўра, инвесторга аниқ инвестицион мажбуриятлар асосида, электрон кимошди савдоси ўтказилмаган ҳолда туристик инфратузилма объекти қурилиши учун ер участкаси ажратилади. Жойлардаги давлат бошқарув органлари раҳбарлари ва инвесторлар ўртасида мавжуд шарт-шароитлар асосида келишувга эришилган тақдирда, лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги инвестицион битим имзоланади.
Ташкилотчилар
I Халқаро туризм соҳасидаги инвестицион форум ташкилотчилари - Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари, Ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси.
Кимлар иштирок этади?
Маълум қилинишича, Форумда дунёнинг 48 мамлакатидан ташриф буюрган 300 дан зиёд иштирокчи, жумладан, инвесторлар, сайёҳлик соҳасидаги халқаро молия институтлари ва ташкилотлари вакиллари, сайёҳлик соҳаси экспертлари ва мутахассислари, мамлакатимиз ва хорижий компанияларнинг раҳбарлари иштирок этишади. Бугунга келиб АҚШ, Хитой, Корея, Буюк Британия, Нидерландия, Сингапур ва Туркия каби йирик хорижий инвестиция компаниялари Ўзбекистон Республикасида турли турдаги инфратузилма объектларини барпо қилишда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга қизиқиш билдиришган.
Дарвоқе, Абдулазиз Аккуловнинг маълум қилишича, Форумда нафақат хорижий инвесторлар, балки маҳаллий сармоядорлар ҳам иштирок этиши кўзда тутилган.

“Форумда фақат хорижий инвесторлар эмас, ўзимизнинг маҳаллий инвесторлар ҳам рўйхатдан ўтишган. Форум доирасида тақдим этиладиган барча имтиёзлар уларга нисбатан ҳам қўлланилади. Уларнинг форумда фаол иштирок этишларига ва тадбир самарадорлигини оширишга ҳисса қўшишларига умид қиламиз”, - дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи.
Бундан ташқари, Форумга хорижий мамлакатларнинг 30 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари ташрифи кутилмоқда.
Инвестицион лойиҳалар
Туризм соҳасига доир биринчи инвестицион форум доирасида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 500 дан зиёд инвестиция лойиҳалари, жумладан, «Чорвоқ» эркин туристик зоналари, Samarkand Сity, «Қадимий Бухоро», Сурхондарё вилоятидаги кичик сайёҳлик ҳудудлари, ҳамда Тошкент шаҳрининг Olmazor Сity ва Farg’ona yo’li лойиҳалари ва ҳ.к. Лойиҳалар орасидан меҳмонхона ва савдо мажмуалари, дам олиш масканлари, соғлиқни сақлаш марказлари, тематик парклар, ресторанлар, агротуристик масканлар кабилар эълон қилинган.
“Форум давомида ҳудудлардан 600 га яқин лойиҳалар тақдим этилган. Унинг 350 дан ортиғи инвесторлар эътибори учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси расмий сайтларига жойланган. Бугунга қадар энг фаол инвесторлар сифатида Туркия, Хитой, Ҳиндистон ва Европанинг қатор мамлакатлари вакилларини қайд этиш мумкин”, - дея маълум қилди Аккулов.
Форум формати
Тадбирнинг илк икки куни «Ўзэкспомарказ»да бўлиб ўтади - Форумнинг очилиш маросими, туризм соҳасида сармоявий лойиҳалар тақдимотлари, B2B ва B2G форматларидаги учрашувлар ўтказилади. Учинчи куни эса объектларга ташриф буюриш кўзда тутилган.
Қандай натижалар кутилмоқда?
Туризм соҳасидаги Халқаро инвестицион форум натижалари бўйича инвесторлар, вазирликлар, идоралар ва ҳокимиятлар ўртасидаги шартномалар ва ҳамкорлик меморандумларини имзолаш кутилмоқда. Шунингдек мазкур форум ҳудудлардаги маҳаллий аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлида ҳам хизмат қилиши таъкидланди.

“Форум натижаларига кўра, инфратузилма объектлари билан боғлиқ лойиҳаларни тезкор йўлга қўйган ҳолда, нафақат сайёҳлар учун қулай шароит яратиш, балки ҳудудлардаги маҳаллий аҳоли вакилларини иш билан таъминлаб, уларнинг турмуш сифатини яхшилашга эришиш кутилмоқда”, - дейди Абдулазиз Аккулов.
Сўнгги вақтларда ОАВ орқали Ўзбекистон қатор хорижий нашрларнинг туризмга оид рейтингларида нуфузли ўринларни эгаллаётганининг гувоҳи бўляпмиз.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида туризмни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар бугунга келиб аниқ натижалар бермоқда. Ушбу рейтинглардаги юқори ўринлар туризмни ривожлантиришга доир фармон ва қарорлар, жаҳон туристик бозорида олиб борилаётган тарғибот ишлари ва мана шундай халқаро даражадаги тадбирлар натижасидир. Умид қиламизки, Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилаётган Халқаро туризм соҳасидаги инвестицион форум мамлакатимизнинг бу борадаги нуфузини янада яхшилаш ва охир-оқибат аҳоли турмуш сифатини ошириш йўлида хизмат қилади.
Мавзуга оид
17:37 / 13.06.2026
16−18 июн кунлари Тошкент шаҳрига юк машиналари киритилмайди
15:29 / 13.06.2026
Сенат Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонунни рад этди
11:55 / 12.06.2026
Наманганда “чемпион” тадбиркорлар ва йирик инвестиция лойиҳалари қўллаб-қувватланади
10:50 / 12.06.2026