Спорт | 23:21 / 16.11.2018
8076
2 дақиқада ўқилади

МОҚ ёш жаҳон чемпионларига совғалар топширди

Шу йилнинг 10-16 май кунлари Россия пойтахти Москва шаҳрида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилган ва унда ўзбекистонлик ёш футболчилар ғолибликни қўлга киритганди. 

Шундан сўнг, жаҳон чемпионати қаҳрамонлари учун турли тадбирлар ташкил этилди, совғалар тақдим этилди. Ана шундай тадбирлардан бири бугун Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтди. Унда Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган футболчилар билан учрашди. 

МОҚ раҳбари ёш футболчиларни табриклар экан, бундан кейин ҳам уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилди. 

«Ўзбекистонда турли тоифалардаги терма жамоалар бор. Сиз ҳам ана шу терма жамоалардан бири ҳисобланасиз. Бундан кейин ҳам сизларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Керак бўлса, хорижий йиғинлар ташкил қилиб берамиз. Йиғин доирасида ўртоқлик ўйинларида иштирок этасизлар. 

Сизларга совға сифатида миллий терма жамоамиз фойдаланадиган экипировкаларни тақдим этамиз. Бундан мақсад сиз ҳам терма жамоа аъзоси эканлигингизни ҳис қилинг. Ажаб эмаски, келажакда орангиздан Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоалари учун муносиб футболчилар етишиб чиқса. Шуни унутмангки, ортингизда муҳтарам Президентимиз турибди», - деди Умид Аҳмаджонов. 

Шундан сўнг ёш футболчилар ва уларнинг мураббийига терма жамоаларимиз учун тайёрланган «Adidas» экипировкалари топширилди. 

Ўз навбатида мураббий Жамшид Асадов кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан миннатдор эканлигини, ғалабали юришни бундан кейин ҳам давом эттиришларини айтиб ўтди. 

Тадбир сўнгида Умид Аҳмаджонов ёш жаҳон чемпионлари билан эсдалик учун суратга тушди.

Мавзуга оид