Жаҳон | 20:04 / 16.11.2018
18860
3 дақиқада ўқилади

Очилбой Раматов: Қозоғистон Ўзбекистонга алоҳида муносабатда бўлиши билан шуҳрат топган

Қозоғистон ўзининг жанубий қўшниси бўлган Ўзбекистонга алоҳида муносабатда бўлиши билан шуҳрат топган. Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов Чимкентда бўлиб ўтган форум доирасида шундай фикрни билдирди. Бу ҳақда KUN.UZ мухбири хабар бермоқда.

Қозоғистоннинг учинчи йирик шаҳри ҳисобланувчи Чимкентда Ўзбекистон йили якунларига бағишланган форум бўлиб ўтди. Унда мамлакатлар ўртасида ўзаро борди-келдини кучайтириш, гастрономик туризмга кенг эътибор бериш, умуман туризмнинг турли соҳаларида ўзаро фойдали муносабатларни йўлга солиш ва ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди. 

«Ўзбекистондан Қозоғистонга келувчилар, Қозоғистондан Ўзбекистонга борувчилар сони ортмоқда. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларимизнинг туристик маҳсулотларимизга бўлган улкан талабни англатади. Шундай экан, икки томонлама туризм форум кун тартибининг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолиши керак», - дея қайд этди Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Асқар Мамин. 

«Қозоғистон Ўзбекистонга алоҳида муносабатда бўлиши билан шуҳрат топган. Биз Қозоғистоннинг учинчи энг йирик шаҳри Чимкентда бўлиб турганимиздан мамнунмиз. Бизда туризм яхши ривожланмоқда, турли йўналишлар бўйича қўшма лойиҳалар олиб бориляпти, уларнинг натижаси икки карра яхши бўлмоқда», - деди Ўзбекистон делегацияси раҳбари Очилбой Раматов. 

Ташкилотчилар ва форум қатнашчиларининг фикрича, туризм – икки мамлакат учун ҳам жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Бу соҳани биргаликда ривожлантириш ҳамда ягона турмаҳсулотларини таклиф этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Ўзбекистон томони Форум доирасида ўзбек ошхонаси фестивалини ўтказди. Анжуман меҳмонларига Ўзбекистоннинг энг яхши 30 ошпази хизмат кўрсатди. Улар ўзбек миллий таомлари, шу жумладан 60 кг палов тайёрлаб, меҳмонларга тортиқ қилишди. Таъкидлаш ўринлики, ошпазлар барча маҳсулотларни Ўзбекистондан олиб боришди. Қозоғистонликлар кабоб, сомса, кулча-нон ва бошқа таомларнинг мазасини юқори баҳолашиб, ошпазлар ишини эътироф этишди. 

Мавзуга оид