Ўзбекистонда коррупцияга қарши қаратилган танловлар ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида “Конституция-тараққиётнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори“ тарғибот ойлиги доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёшлар ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупция билан боғлиқ жиноятларни барвақт олдини олиш мақсадида 5 та ижтимоий-ҳуқуқий йўналишдаги лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни тарғиботини ёшлар ўртасида йўлга қўйиш мақсадида жойларда “Коррупцияга қарши курашиш – давр талаби” мавзусида ҳуқуқий профилактик тадбирлар ўтказилиб келиняпти. Барча туман-шаҳарларда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган 23 мингдан ортиқ тадбирлар ташкил этилиб, бу орқали 378 мингдан ортиқ ёшларни бир мақсад атрофида бирлаштириш қамрови режалаштирилди.
Тарғибот ойлиги доирасида ижодий танловлар ўтказилди
Олий таълим муассасалари талабалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган “Биз ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт” шиори остида “Энг яхши плакат”, “Энг яхши сурат”, “Энг яхши баён” номинациялари бўйича кўрик-танловлар ташкил этилди. Танловнинг маҳаллий босқичлари сентябр-октябр ойларида касб-ҳунар таълими муассасалари ҳамда олий таълим муассасалари талаба ёшлари ўртасида бўлиб ўтди. Ҳозирда танловнинг ҳудудий босқичларига старт берилиб, унга дастлабки қадам Тошкент вилоятидан бошланди. Жорий йилнинг15 ноябрь куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар Тиббиёт касб-ҳунар коллежида академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўртасида ўтказилган танловда “Энг яхши баён”, “Энг яхши сурат”, “Энг яхши плакат” номинациялари бўйича беллашилди.
Кўрик-танлов якунига кўра “Энг яхши баён” номинациясида Тошкент тумани маиший хизмат ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Азиза Исмоилова мутлақ ғолибликни қўлга киритди. “Энг яхши сурат” номинациясида эса Янгийўл тумани хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Шавкат Раҳимбердиев муваффақият қозонди. “Энг яхши плакат” номинациясининг ғалабаси Бекобод шаҳар қурилиш ва коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ислом Инаятовга насиб этди. Ғолиблар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилоят Кенгаши томонидан эсдалик совғалари ҳамда дипломлар билан тақдирланиб, Республика босқичи йўлланмасига сазовор бўлишди. Ҳудудий босқич Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳам ўтказилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “Обод юртнинг бахтиёр фарзандларимиз” шиори остидаги танлов ташкил этилди. Унда назм, наср ва публицистика йўналишлари бўйича беллашилди. Назм йўналишида Зебохон Худойбердиева, наср йўналишида Исломжон Ибодуллаев, публицистика йўналиши бўйича Муҳибахон Исматуллаева олий ўринларни эгаллади. Ғолиблар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
“Конституция-тараққиётнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори” шиори остида тарғибот тадбирлари ташкил этилди
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан Қашқадарё вилоят Яккабоғ туманидаги 36-сонли умумтаълим мактабида “Армия менинг нигоҳимда” лойиҳаси доирасида “Армия ва ёшлар” учрашуви ўтказилди. Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилоят Кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Яккабоғ туман Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Қашқадарё вилоят бўлими ҳарбий қисми, Яккабоғ тумани “Истиқбол” МФЙ раиси, ўқитувчи мураббийлар ҳамда 450 нафар ўқувчи-ёшлар қатнашди. Бундан ташқари, Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида “Суд ва ёшлар“ учрашуви ташкил этилди. Унда ёшларнинг суд ва ҳуқуқ тизими борасидаги билимлари мустаҳкамланди.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 27 йиллиги муносабати билан “Обод юртнинг ҳур ҳилпирар байроғи” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори — Иброҳим Жўраев, Амир Темур илмий экспедицияси раҳбари — Фахриддин Ашрафхўжаев, тарих фанлари доктори – Шоҳиста Ўлжаева, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Мирзо Улуғбек туман Кенгаши раиси – Дилёр Ғаниев, Миллий тикланиш партиясининг Мирзо Улуғбек тумани Кенгаши раиси —Шукур Назаров ҳамда 250 нафар талабалар қатнашди. Тадбирда мутасаддилар томонидан талаба ёшларга Давлат рамзи тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим қилинди.
Ёшлар коррупцияга қарши курашувда фаол
—Тарғибот ойлиги мобайнида ўтказилаётган чора-тадбир ва кўрик танловларда бугунги кунга қадар жами 1 миллиондан ортиқ талаба ёшларнинг иштирок этганлиги уларнинг коррупцияга қарши курашишда фаоллигидан далолат беради, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бўлим мудири Акмал Алимов. — Мазкур кўрик-танловлар ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ҳаётида ўз ўринларини топишга кўмаклашиш, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Тарғибот ойлигидаги чора-тадбирлар орқали ёшларнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллиги оширилмоқда
—“Конституция-тараққиётнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори” тарғибот ойлигида асосан, ёшларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билимларини янада мустаҳкамлаш ва амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилоят Кенгаши Ижтимоий-ҳуқуқий масалалар ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими мудири Ҳайитбек Бекмуродов. — Ёшларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, жамият ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш бош мақсадимиздир.
Мавзуга оид
16:21 / 12.11.2024
1,5 мингга яқин бошқарув ходими қонунга зид тарзда тадбиркорлик қилаётгани аниқланди
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
16:01 / 05.11.2024
Зулфия номидаги давлат мукофоти талабгорларини танлаш тартиби белгиланди
19:41 / 30.10.2024