Жаҳон | 15:54 / 19.11.2018
10179
2 дақиқада ўқилади

Аргентина мудофаа вазири чўкиб кетган сувости кемасини чиқариб олиш учун 4 млрд доллар сарфланишини аҳмоқлик деб атади

Фото: AP Photo/Vicente Robles

Бир йил илгари денгизда чўкиб кетган Аргентина ҲДКга қарашли San Juan сувости кемасини чиқариб олиш учун 4 млрд доллар маблағ ажратилиши аҳмоқона қарор бўлади. Мамлакат мудофаа вазири Оскар Агуад ана шундай фикр билдирди.

"Агарда ростдан ҳам бу 4 млрд долларга тушадиган бўлса, бу аҳмоқлик бўлади. Бу менинг шахсий фикрим, аммо Аргентинада қашшоқлик даражаси 30%ни ташкил этаётган бир вақтда 4 млрд доллар сарфлаш ақлдан эмас", - деди у America TV телеканали эфирида.

Вазир шу билан бирга, асосий муаммо операциянинг тахминий қийматида эмас, балки сувости кемасини 907 метр чуқурликдан тортиб оладиган технологиянинг йўқлигида эканлигини билдирди.

Аввалроқ Clarin газетаси экспертлар фикрига таяниб, сувости кемасини тортиб чиқариш операцияси 3,5 млрд долларга тушиши мумкинлигини ёзганди.

Бортида 44 нафар экипаж аъзоси бўлган San Juan сувости кемаси 2017 йилнинг 15 ноябрида алоқага чиқмай қўйган. 30 ноябрь куни ҲДК экипажни қутқариш операцияси тўхтатилганини эълон қилган, аммо кемани қидириш ишлари давом эттирилганди.

17 ноябрь куни Аргентина ҲДК бир йил аввал чўкиб кетган кема АҚШнинг Ocean Infinity хусусий компанияси томонидан топилганини маълум қилди. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид