Ўзбекистон | 19:01 / 19.11.2018
6673
4 дақиқада ўқилади

«Туризм соҳасига 200-250 миллион доллардан зиёд инвестиция жалб қилиниши кутилмоқда» - Азиз Абдуҳакимов

19 ноябрь куни Тошкент шаҳрида старт берилган Туризм бўйича биринчи халқаро инвестицион форуми доирасида соҳага  камида 200-250 миллион доллар инвестиция жалб қилиниши кутилмоқда. Тадбирда 52 мамлакатдан ташриф буюрган хорижий ҳамда қатор маҳаллий сармоядорлар қатнашмоқда. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов KUN.UZ мухбирига берган интервьюсида шу ҳақида маълум қилди.

«Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли мамлакатимизда туризм соҳаси фаол ривожланмоқда. Кузатувларимиз асосида шуни айтиш мумкинки, сайёҳлар оқими фаол бўлган мавсумда маълум даражада меҳмонхоналар етишмовчилигини ҳис қилдик, зеро хорижий мамлакатларнинг йирик туристик фирмалари томонидан Ўзбекистонга сайёҳларни йўллашга оид мурожаатлар кўп бўлди. Шу муносабат билан давлат раҳбари томонидан хорижий инвесторлар тўғридан-тўғри вилоятларимиз ҳокимлик вакиллари билан учрашиш ва ер участкасига эга бўлиш имконини берувчи халқаро форумни ташкиллаштириш вазифаси берилди. Форум олдидан ҳукуматнинг Ўзбекистондаги туристик инфратузилмалар – меҳмонхоналар, мавзуий парклар ва бошқаларга инвестиция киритишга доир шартномаларни имзолаган хорижий сармоядорлар кимошди савдосисиз, тўғридан-тўғри ер участкасини қўлга киритиш имконини берувчи битимни имзолаши мумкинлиги тўғрисидаги тегишли қарори қабул қилинди», - дейди Абдуҳакимов.

Фото: Камиль Еникеев

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда хорижий инвесторлар томонидан Ўзбекистонга катта қизиқиш кузатилмоқда, бу борада айниқса Туркия, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ, Европа мамлакатлари сармоядорлари катта фаоллик кўрсатмоқда.

«Форумда иштирок этиш учун 200 нафардан зиёд салоҳиятли хорижий инвесторлар Тошкентга етиб келишган. Ҳокимликларимизда 500 дан ортиқ таклифлар мавжуд. Бугунги сессиялар ва эртанги B2B учрашувлар натижалари бўйича шартномалар имзоланади. Форум якунига кўра, туризм соҳасига 200-250 миллион доллардан зиёд инвестициялар жалб қилиниши кутилмоқда», - қўшимча қилади у.

Маълум бўлишича, форумга етиб келган инвесторларнинг аксарияти Ўзбекистонга биринчи марта келган. Хорижий инвесторларнинг айтишича, улар ушбу форум ва имкониятлар ҳақида хорижликларнинг ижтимоий тармоқлардаги Ўзбекистон ҳақида постларидан, оммавий ахборот воситаларидаги мақолалардан ва ТВ-кўрсатувлар орқали хабар топишган.

«Мазкур форумнинг ўзига хослиги шундаки, биз туризм соҳасига халқаро инвестициялар форумига оид катта реклама ишини олиб борганимиз йўқ, элчихоналаримиз, ижтимоий тармоқлардаги имкониятлар орқали тадбир ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди ва кўриб турганимиздек, 200 нафардан ортиқ хорижий инвестор ташриф буюрди. Уларнинг кўпчилиги Ўзбекистонга инвестиция киритишни қатъий мақсад қилган», - дея изоҳ беради Бош вазир ўринбосари.

I Халқаро Туризм соҳасига инвестиция киритишга бағишланган форумда инвесторлар ва маҳаллий ҳукумат органлари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилмоқда. Вилоятлардан муайян шартлар асосида сармоядорларга ер участкаларини тақдим этишга доир инвестицион келишувларни имзолаш ҳуқуқи берилган ҳокимларнинг инвестициялар ва туризм бўйича ўринбосарлари Тошкентга келишди ва форум доирасидаги келишувлар натижасига кўра, улар салоҳиятли инвесторларни ўз ҳудудларига олиб бориб, ер участкасини яқиндан кўрсатишади.

Фото: Камиль Еникеев

«Шуни айтиш жоизки, бу ер участкаларини танлашда айнан туризм соҳаси бўйича инвесторлар учун энг жозибали бўлган участкаларга эътибор қаратилган. Бугунга келиб биз бу борада қатор келишувларга эгамиз, ҳоким ўринбосарларимиз ҳам салоҳиятли инвесторлар доирасига эга. Ўз ўрнида, бу ҳудудлар ўртасида ўзига хос рақобатни келтириб чиқаради ва ҳар бир ҳудуд инвесторлар учун энг яхши имкониятлар, энг яхши шароитларни тақдим этишга ҳаракат қилади», - дейди Азиз Абдуҳакимов.

Фото: Камиль Еникеев

Шартномаларни имзолаш маросими эртага, 20 ноябрь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Бундан аввал KUN.UZ’да Тошкентда Туризм бўйича биринчи халқаро инвестицион форумга старт берилгани ҳақидаги хабар берилган эди.

Мавзуга оид