Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ВМнинг қарори билан сотилган бино тадбиркордан қайтариб олинди – бу қанчалик тўғри?
Иқтисодий суд ҳам, Олий суд ҳам Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан хусусий мулк шаклида сотилган бинога доир битимларни бекор қилди - тадбиркорга етказилган моддий зарарни ким қоплайди?
Видео: Tas-IX
Видео: Youtube
«Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди… Хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш тақиқланади». Мазкур иқтибос «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги ЎзР қонунидан олинди.
Мен мақолани Ўзбекистонда амалда бўлган, уни ҳозирча ҳеч ким бекор қилмаган қонундан иқтибос билан бошлашим бежиз эмас. Чунки ушбу қонун талабига ҳар доим ҳам бирдек амал қилинаяпти, деб бўлмайди. Бу айниқса, адолатни тиклаши зарур бўлган Суд ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилса, додингни кимга айтасан!? Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан иловага киритилган ҳамда ким ошди савдоси орқали сотилган бинони орадан салкам 12 йил ўтганидан сўнг, қанча маблағ ва сармоя киритгач, қайтариб олишса ва сен ҳеч вақосиз қолсанг, сени ҳеч ким тингламаса, жилла қурса, товон пули беришни хаёлларига ҳам келтиришмаса, бундан ташқари, қонунчилик талабларига кўр-кўрона риоя қилинмаса, нима қиласиз!
KUN.UZ таҳририятига Тошкент вилояти Қибрай туманида тадбиркорлик, яъни чинни идишларга декоратив нақш солиш билан шуғулланувчи «Муборак Файз» масъулияти чекланган жамиятидан юқоридаги мазмунда мурожаат келиб тушди. Биз муаммо қандай юз бергани, нима учун уларнинг биноси қайтариб олинганига ойдинлик киритиш мақсадида жамият раҳбари Маҳкамов Асрорхон билан мулоқот қилдик.
«Муборак Файз» МЧЖ 2016 йил 21 январда «Нодира-М» ХК билан шартнома тузиб, Қибрай тумани Юқори Юз маҳалласида жойлашган, Генетика ва ўсимликлар экспериментал институти ҳудудида жойлашган сунъий иқлим яратиш лабораторияси корпусини сотиб олдик. Шундан сўнг, хитойлик ҳамкорлар билан чинни идишларга нақш солиш бўйича ишлаб чиқаришни ташкил этдик. Ишлаб чиқариш тўлиқ Хитойдан хорижий сармоя асосида келтирилган технологиялар ёрдамида йўлга қўйилган. Бу ерга 200 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилди. Хуллас, Сурхондарё ва Самарқанддаги чинни заводлар билан ҳамкорликлар йўлга қўйилди, иш фаолияти бошланди», - дейди Маҳкамов Асрорхон.


Маҳкамовнинг сўзларига кўра, 2017 йил августида Монополиядан чиқариш, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси «Муборак Файз» МЧЖ устидан Лаборатория биноси ноқонуний сотилгани, шу сабабли бинони қайтаришни сўраб, судга даъво аризаси киритган.
«Бу биз учун кутилмаган ҳолат бўлди. Чунки, «Нодира-М» ХК бинони сотиб олганига доир барча ҳужжатларни тақдим этган эди. Лаборатория биноси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 7 сентябрдаги 420-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий ва моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида рўйхат шакллантирилган ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг кўчмас мулк биржаси орқали белгиланган тартибда сотиладиган объектлари рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқланган», - деди тадбиркор биз билан суҳбатда.

Тадбиркорни ажаблантираётган жиҳат шундаки, Монополиядан чиқариш, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси Тошкент вилояти филиали айнан Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида бинони бир неча бор ким ошди биржа савдосига чиқаради. Бироқ, унга харидор-талабгорлар бўлмагани сабабли 2006 йил 25 январдаги 07/06-сонли шартнома асосида «Нодира-М» ХКга сотилган.
2017 йил 23 августда Тошкент туманлараро иқтисодий суди даъво талабини қондириш ва ушбу бино билан боғлиқ барча олди-сотди шартномалари, банкка гаровга қўйиш ҳолларини ноқонуний деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилган. 2017 йил 31 октябрь куни Тошкент шаҳар иқтисодий судининг апелляция инстанцияси Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Иккала судда ҳам низоли бино Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги РЦГСИН ва «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси рўйхатида бўлгани, «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида» қонуннинг 4-моддаси, 6-бандига биноан, ионловчи нурланиш манбаларидан фойдаланиб илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини олиб борувчи, рентген ускуналари, асбоб-ускуналар ва жиҳозларни ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва объектлар хусусийлаштирилмагани, шундай экан, бино сотилиши ноқонуний бўлгани қайд этилган.

Суд ишида, шунингдек, ЎзР ФВВ 2017 йил 12 май куни низоли объектда радиация текширувини ўтказгани ва ионловчи нурланиш юқори экани аниқлангани таъкидланган.
Аммо, барча суд инстанциялари, негадир «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида» Қонун борлигини, унда жумладан, «хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш тақиқланади», деган талаб мавжудлигини ёдга олишмаган.
Хуллас, бино суд тартибида ўзининг аввалги балансда сақловчисига қайтарилган. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳам «Нодира-М» хусусий корхонасининг назорат тартибидаги шикоят аризасини кўриб чиқиб, аввалги икки суд қарорларини ўз кучида қолдиришга қарор қилган.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати маркази томонидан 2017 йил 26 августда тақдим этилган хатида айтилишича, «Муборак Файз» МЧЖ декоратив чинниларни бўёқлаш корхонаси фойдаланаётган 2-қаватдаги хоналарда 60 нуқтада гамма-нурланиш дозавий қуввати 0,13-0,18 мкЗв/соатни ташкил этди, яъни меъёрга нисбатан мослиги аниқланди», дея қайд этилган.
Эътироф этиш керакки, «бинонинг радиациявий экология ва мутагенез изланишлар лабораториясининг ён қисмидан 2,5 метр масофада 1 м2 майдонда ҳамда бино орқа томонидаги лабораторияси радиациявий экология ва мутагенез изланишлар радиоактив моддалар сақлаш омборхонасининг ойнасидан ташқи ҳудудида 3 метр масофада аномал нуқта аниқлангани» айтилади.

Аммо, судларнинг ҳеч бири тадбиркор пулига куйиб қолаверадими, деган саволни ўзларига бериб кўрмаган ёки бунга эътибор қаратмаган. Мазкур бинонинг хусусийлаштирилиши мумкин эмас, суд ишларида келтирилган важларнинг барчаси тўғри ҳам дейлик, бинонинг Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 7 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 420-сонли қарори билан тасдиқланган иловага қандай кириб қолганига ким эътибор қаратади?

Сотиш мумкин бўлмаган бино Ҳукумат қарори билан сотилган бўлса, тадбиркор ёнидан пул сарфлаб, унга сармоя киритган, эндиликда, у маблағидан, мулкидан айрилиб турган бўлса, унинг кўраётган зарарини ким қоплайди, ким товон пули беради? Ёхуд ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиб, тадбиркор ҳам вақтига ҳам пулига куйиб қолаверадими?
Ё бўлмаса, мақола аввалида келтирганимиз, хусусийлаштириш натижаси қайта кўриб чиқилишига йўл қўйиладими?
Толиб Раҳматов KUN.UZ мухбири
Муҳаммаджон Ғаниев KUN.UZ оператор
Мавзуга оид
09:05 / 12.06.2026
120 минг долларлик қалбаки пулни сотишга уринганлар қўлга олинди
10:30 / 10.06.2026
Тошкент – водий йўлининг бир қисмида максимал тезлик пасайтирилди
09:00 / 10.06.2026
Зангиотада йирик кумуш савдосига чек қўйилди
11:50 / 08.06.2026