Иқтисодиёт | 22:20 / 21.11.2018
38941
11 дақиқада ўқилади

Юлий Юсупов янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳалари ҳақида: қай бири яхши?

Иқтисодий тараққиёт маркази директори, иқтисодчи Юлий Юсупов KUN.UZ учун ёзган мақоласида янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг икки лойиҳаси ҳақида сўз юритади.

Юлий Юсупов

Шу йилнинг июнь ойида Ўзбекистон президенти «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжатда 2019 йил 1 январдан Ўзбекистон солиқ тизимини тубдан ўзгартириш кўзда тутилган.

Солиқ ислоҳотини ўтказиш вақти аллақачон келганди. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, фармон қуйидаги бешта асосий масалани ҳал этишга қаратилган:

1) меҳнат учун солиқни пасайтириш — солиқ жуда баландлиги хуфёна иқтисодиётнинг мавжуд бўлишида асосий сабаблардан бири бўлмоқда;

2) солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизимида солиқларни тўлайдиганлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги сезиларли фарқни бартараф қилиш — бу фарқ корхоналар кенгаймаслигининг омили бўлмоқда, кўпинча бизнесни норақобатбардошликка рўбарў қилиш, «хуфёна» тарзда ишлашга мажбурлаш орқали ишлаб чиқариш ҳажми ошишини қийинлаштирмоқда;

3) қўшимча қиймат занжирини шакллантиришга имкон бермаётган ва иқтисодиётимизни жаҳон хўжалигида хомашё етказиб берувчига айлантириб қўйган давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг айланмасидан (ялпи тушумидан) ундириладиган мажбурий ажратмаларни бекор қилиш;

4) ишлаб чиқарувчиларимиз маҳсулотини норақобатбардош, иқтисодиётимизни эса инвестициялар учун жозибасиз қилаётган иқтисодиётга солиқ юки даражасини камайтириш;

5) бугунги кунда самарасиз бўлиб қолган ва бизнес юритиш харажати сезиларли даражада ошишига олиб келаётган солиқ маъмурчилигини тубдан такомиллаштириш.

Бунинг учун фармон билан қуйидагилар кўзда тутилмоқда:

  • фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган 8 фоизлик суғурта бадалларини бекор қилиш;
  • барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этиш;
  • ягона ижтимоий тўлов миқдорини соддалаштирилган солиқ тўлаш тартиби учун 15 фоиздан 12 фоизгача ва умумбелгиланган солиқ тўлаш тартиби учун 25 фоизга тушириш (бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналаридан ташқари – улар учун 25 фоиз миқдоридаги ставка ўрнатилади);
  • умумбелгиланган солиқ тўлаш тартибидаги корхоналардан давлат мақсадли жамғармаларига ундириладиган мажбурий ажратмаларни бекор қилиш (ялпи тушумдан 3,2 фоиз);
  • юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтириш (уяли алоқа компаниялари учун ортиқча фойдадан солиқ ҳисоблаш тартибини бекор қилган ҳолда 14 фоиздан 20 фоизгача ошириш);
  • дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкасини 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтириш;
  • юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкасини, бино ва иншоотлардан, шу жумладан, илгари хусусийлаштирилган объектлардан самарасиз фойдаланаётган юридик шахслар учун юқори ставкада солиқ ҳисоблаш тартибини сақлаб қолган ҳолда 5 фоиздан 2 фоизга пасайтириш;
  • ҳозирги вақтда сотиб олинадиган асосий воситалар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва номоддий активлар нархига киритиладиган қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш суммаларига киритиш ҳуқуқини бериш;
  • ўтган йил якунлари бўйича йиллик айланмаси (ялпи тушуми) 1 миллиард сўмдан ошган ёки жорий йил давомида ушбу белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказиш;
  • йиллик айланмаси (ялпи тушуми) 1 миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчилар учун айланмадан (ялпи тушумдан) солиқни 4 фоиз миқдордаги базавий ставкадан келиб чиқиб ҳисоблаш ва тўлаш тартибини ҳамда ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлаш имкониятини белгилаш.

Фармонда биринчи навбатда солиқ солиш ставкаларининг ўзгариши ҳамда корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказиш критерийларини ўзгартириш каби муҳим жиҳатлар белгилаб берилган. Шу билан бирга, солиқ ҳисоблаш ва тўлаш тартиби қоидалари ҳам муҳим саналади. Бу қоидалар 2018 йил 1 декабрга қадар ишлаб чиқиладиган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида акс этиши лозим эди.

Аммо октябрда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси 1 декабрда тақдим этилмаслиги, ҳужжат 2019 йил апрелида муҳокамага қўйилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Менимча, бу ҳолат катта хатар билан боғлиқ эди: «Кодексга ўзгартиришлар киритишнинг кечикиши жуда ёмон, чунки янги ставкаларни солиқ маъмурчилиги қоидаларидаги ўзгаришлар ва аниқликларсиз жорий этиш бизнесга солиқ ва маъмурий юкнинг кучайиши, бюджет парокандалиги ва солиқ ислоҳотининг инқирозига олиб келарди».

Аммо орадан бир ой ҳам ўтмасдан, янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг бирданига иккита лойиҳаси эълон қилинди: Молия вазирлиги томонидан айрим бўлимлар ва Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) лойиҳаси. Ҳеч нарса бўлмаганидан кўра, иккита бўлгани яхши. Бунда муқобил вариантларни солиштириш ва яхшироғини аниқлаш имконияти пайдо бўлади.

Мен молиячи ва солиқ солиш бўйича мутахассис эмасман. Аммо иқтисодчи сифатида таклиф этилаётган лойиҳаларнинг бизнес юритиш харажатлари ва мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига таъсир кўрсатувчи айрим жиҳатларини баҳолашга уриниб кўраман. Мени айниқса, Кодекснинг солиқ маъмурчилигидаги энг мураккаб — фойда солиғи ва қўшилган қиймат солиғи моддалари қизиқтиради. ҚҚС бўйича моддаларни таққослай олмаймиз, чунки Молия вазирлиги ҳозирча бу моддалар бўйича ўз таклифини тақдим этмади. Шунинг учун фойда солиғи бўйича таққослаш билан чекланамиз.

Дастлаб иқтисодиёт ва бизнес учун принципиал ва ўта муҳим бўлган икки жиҳатга эътибор қаратсак.

Биринчи жиҳат. ЛБМА лойиҳасида тадбиркорларга эксплуатацияси бошланган йилнинг ўзида асосий воситаларни 100 фоиз амортизация қилишга рухсат берилган. Яъни, тадбиркор ўзининг инвестицион харажатларини кўп йиллик амортизация жараёни орқали эмас, тўлиқ ҳажмда фойда солиғидан чиқариши мумкин бўлади. Бу инвестицион фаолият учун кучли туртки демакдир.

Иккинчи жиҳат. Фойда солиғи тўлашнинг энг мураккаб томони унинг солиқ солиш базасини, яъни фойданинг ўзи нима эканлигини аниқлашда келиб чиқадиган баҳсли саволлардир. Мавжуд Кодексда ва Молия вазирлиги лойиҳасида чиқариб ташланадиган ва чиқариб ташланмайдиган харажатларнинг батафсил тавсифи берилган. Айнан улар тавсифида бизнес ва солиқ органлари ўртасида келишмовчилик пайдо бўлади. ЛБМА лойиҳасида эса фақатгина тадбиркорлар фойда миқдорини аниқлашда чиқариб ташлаб бўлмайдиган харажатлар рўйхати ҳамда харажатларнинг айрим турлари бўйича чекланган меъёрлар келтирилган. Фикримча, мана шу ёндашув солиқ маъмурчилигидаги харажатларни қисқартириш ва солиқ текширувларидаги коррупция даражасини пасайтириш йўлида олдинга ташланган катта қадам ҳисобланади.

Энди ҳар икки лойиҳадаги фойда солиғи солишнинг бошқа жиҳатлари ҳақида:

1. Маҳсулотлар (иш, хизмат) таннархидан паст нархда сотилганида ҳамда улар беғараз кўрсатилганида даромад қандай аниқланади? ЛБМА лойиҳасида солиқ солинадиган даромад миқдорини «ҳужжат билан ёки баҳоланаётган ташкилот ҳақидаги баҳо тўғрисидаги ҳисоботда тасдиқланган бозор баҳосидан келиб чиқиб» аниқлаш таклиф этилган. Молия вазирлиги лойиҳасида эса «таннархдан келиб чиқиб» аниқлаш таклиф этилган. «Бозор баҳоси» — нисбий тушунча бўлгани сабабли мен Молия вазирлиги таклифини маъқуллаган бўлардим. Солиқ тўловчи учун шуниси яхшироқ.

2. Ниҳоят, ЛБМА лойиҳасидан тадбиркорларимизнинг солиқ солинадиган «даромад»идан «ижобий курс тафовути» деган тури чиқариб ташланган. Нима учундир бизнинг қонунчилигимиз миллий валютанинг қадрсизланишини бойиш манбаи деб ҳисоблайди. Сўм долларга нисбатан 20 фоизга тушиб кетса, хориж валютаси эгалари 20 фоизга бойиди деб ҳисобланади. Ғалати мантиқ. У ҳолда нима учун бу вақт ичида сўмдаги нархлар (инфляция) қанчалик кўтарилгани ҳисобга олинмайди? Балки 20 фоиздан кўпроққа ошгандир? Шунда ҳеч қандай «бойиш» бўлмаган бўлади. Нима учун фақатгина ижобий курс тафовути ҳисобга олинади? Тафовут салбий бўлганида уни зарар сифатида солиқ солиш базасидан айириб ташланса бўлмайдими? Маълум бўлишича, мумкин эмас экан. Мантиққа мутлақо зид ҳолат. ЛБМА лойиҳаси муаллифлари эса Кодекс лойиҳасидан бу мантиқсиз меъёрни чиқариб ташлашган. Молия вазирлиги лойиҳаси муаллифлари, афсуски, қолдиришган.

3. ЛБМА лойиҳасига кўра, компания жорий солиқ давридаги солиқ солинадиган даромадни камайтириш учун ўтган йилларнинг барча зарарларидан фойдаланишлари мумкин. Амалдаги Солиқ кодекси ва Молия вазирлиги лойиҳасида эса жорий даврдаги солиқ солинадиган даромаднинг фақат 50 фоизи дейилган. Мен ЛБМА вариантига қўшиламан.

4. Амортизациянинг чекланган нормаси қандай (яъни, компания мулк қийматининг қанча қисмини харажатга киритиши мумкин)? Молия вазирлиги лойиҳасида: «Мулк амортизациясининг чекланган нормалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади», дейилган. ЛБМА лойиҳасида асосий воситаларнинг барча тоифалари бўйича амортизациянинг чекланган нормалари кўрсатилган ва бу Кодексни тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган ҳуқуқий ҳужжатга айлантиради. Жуда тўғри!

5. Ҳар икки лойиҳада фойда солиғи бир чоракда бир марта тўланиши кўрсатилган. Молия вазирлиги лойиҳасида ҳисобот ҳам ҳар чоракда топширилиши айтилган. ЛБМА лойиҳасида ҳисобот йиллик бўлиши кўзда тутилган (арзимасдек кўринади, лекин ёқимли — солиқ маъмурчилиги соддалашади). Аммо у ҳолда қанча тўлаш керак? Жавоб: ўтган йил якунлари бўйича ҳисобланган солиқнинг чорак қисми. Бунда «агарда кутилаётган фойда солиғи миқдори... ўтган йилги солиқ даврида ҳисобланган суммага нисбатан 50 фоиздан кўпроққа қисқарадиган бўлса, у ҳолда солиқ тўловчи жорий тўлов миқдорини камайтириш ҳуқуқига эга» бўлиб, бунда давлат солиқ органини ўз вақтида хабардор қилиш талаб этилади. Менга бу ёқди.

6. ЛБМА лойиҳаси чиқариб ташланмайдиган харажатларнинг торроқ рўйхатини таклиф этади. Масалан, тадбиркор солиқ солиш базасидан хайрия харажатларини (чекланган норматив белгиланган тарзда), хўжалик шартномалари шарти бузилганлиги учун тўланган жарима, пеня ва бошқа барча санкциявий тўловларни (бюджетга тўланган жарима ва пенялардан ташқари) чиқариб юбориши мумкин. Бундан ташқари, Молия вазирлиги вакиллик харажатларини чиқариб ташланадиган деб ҳисобласа, ЛБМА лойиҳасида бу харажатлар учун фойданинг 1 фоизи миқдорида норматив белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, Солиқ кодексини ўзгартириш бўйича фойдали таклифларни иккала лойиҳадан ҳам топиш мумкин, бунда ЛБМА лойиҳасида (фойда солиғи солиш масалалари бўйича) бундай таклифлар кўпроқ. Энди бу ҳужжатларни бир-бирига қарши қўймаслик, айнан ўз лойиҳасини маъқуллатиш учун маъмурий имкониятларни ишга солмаслик, ҳар икки лойиҳанинг энг мақбул жиҳатларини олиш ва шу асосда мавжуд Кодексни таҳрир қилиш талаб этилади.

Мавзуга оид