Жамият | 16:57 / 23.11.2018
44132
5 дақиқада ўқилади

Қарши шаҳридаги янги уйлар нурамоқда. Аҳоли не қиларини билмаяпти

Инсон боласи борки, уй қиламан, жой қиламан дейди. Яхши ниятлар билан иморат солади. Ёки замона зайлига кўра, ҳар ой фалон сўм тўлаб туриладиган уйлардан олади. «Президентим ишониб, бизга шу уйни берди», деб кўкрак керади, қариндош-уруғ олдида қаддини ғоз тутади. Аммо қабул қилиб олган уйи ярмидан бўлиниб кетса-чи, унда нима бўлади? Қарши шаҳри, «Ровгузар» маҳалласи, Жайҳун кўчасида жойлашган «Камолот» уйлари худди ана шундай ҳолатга тушдики, уй эгалари ўз дардини «KUN.UZ»га тўкиб солди.

Гап шундаки, юқорида кўрсатилган манзилда жойлашган хонадонлар 20 йил муддатга кам таъминланганлар, собиқ «Камолот» ташкилоти томонидан эътироф этилган ёш оилаларга берилган. Аммо бугунга келиб, бу уйларнинг ҳолати ачинарли, «эссиз шунча маблағ, эссиз шунча орзу-умидлар», дейдиган ҳолатга келиб қолган. Бу уйлар 2-3 хонадондан иборат ва уларга ҳар ойлик 7 фоиз устамаси билан 800-900 минг сўмдан тўлов қилинади. Кам таъминланган оилалар эса алоҳида тўлов қилади.

«Мана бу ёриқларни қаранг. Янги уйнинг ҳолати ҳам шундай бўладими? Мен уйда, ўғлим «пожарний»да ишлайди. Кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлаб топган пулининг кўп қисмини олган уйига тўлайди. Уйнинг ҳолати эса, мана бундай бўлиб ётибди, алам қилмайдими?», — дейди мазкур уйда яшовчилардан бири.

«Уят бўлса ҳам айтаман, ҳожатхонага кириб бўлмайди. Қувурлар чала қурилганми, сассиқ ҳид умуман кетмайди. Ўзим тўртинчи қаватда яшайман, ёриқларни кўринг, зилзила бўлса, не ҳолатга тушади бу уй. 150 миллион тўлашимиз керак бу уй учун ҳали?», — дейди шу хонадонларда яшовчилардан яна бири.

Уй эгаларининг маълум қилишича, улар мурожаат қилмаган жой қолмаган – ҳокимият, прокуратура, Президент виртуал қабулхонаси ва ҳоказо. Аммо ҳеч қаердан ҳеч қандай нажот йўқ. Аҳоли вакилларининг айтишича, ушбу хонадонларда тоза ичимлик суви ҳар икки кунда бир берилади, шунда ҳам саноқли соатларда. Қиш мавсумида эса беш кунда бир.

«Тасаввур қиляпсизми? Икки кунда бир марта сув берилади. Биз овқат қилишга, кийимларни ювишга, уй тозалашга сувни қаердан оламиз. Ювинишни-ку қўя туринг. Чиқиндихонани қаранг, дабдала. Сассиқ ҳиди бутун «дом»ни тутади. Бирор киши бу ишларга бош-қош бўлмайди. Ўғлим мана шу уйни қабул қилаётган пайтда ҳам деворларида ёриқ бор эди, аммо иложсиз қабул қилиб олганди», — дейди ўғли чегарада хизмат қилаётган онахонлардан бири.

Маълум бўлишича, ушбу уйларга жорий йилнинг март ойида кўчиб кирилган. Аҳоли коммунал хизматлар учун ва уй тўловини ойма-ой, ўз вақтида амалга ошириб келмоқда. Уларнинг айтишича, томда ҳам ёриқлар бўлиб, юқори қаватда жойлашган уйлар шифтидан сув томади.

Биз қурувчи Шавкат Азимовдан мазкур муаммо юзасидан изоҳ олдик.

«Ушбу уйлар Қашқадарё вилояти темир йўл қурилиш ва таъмирлаш бошқармаси томонидан қурилган. Ҳақиқатан ҳам ёриқлар бор. Шу мақсадда, биз уйларнинг ёриқларига кун саналарини қўйиб чиққанмиз. Чунки намлик кетишини кузатиб боришимиз керак. Одамлар қачон деса, ўша куни уйларни қайта таъмирлашга ўтамиз», — дейди у.

Шу уйларда яшовчиларнинг айтишича, хоналар уч марта таъмирланган, аммо бирор ижобий натижа бўлмаган.

Биз вазиятга янада ойдинлик киритиш мақсадида «Сувоқова» вакиллари ва қурувчилар бўлмиш Ғайрат ҳамда Бахтиёр исмли кишилар билан боғланишга уриндик, аммо бунинг имкони бўлмади. «Сувоқова»дагилар телефон чақирувларига жавоб беришмади, қурувчилар биз борган пайт тушлик қилишаётган экан – вақтлари бўлмади.

Катта орзу-умидлар билан мазкур хонадонларга кўчиб келганлар эса нима қиларини билмайди. Қўрқув ва ҳадикда. Уйи ўпирилиб тушишидан хавотирда.

Тушлик сабаб ишларига вақт ажрата олмаётган мутасаддилар эса мудроқда. Умид қиламизки, улар сергакланишади, уйлари нураб бораётган аҳоли дардига қулоқ тутишади ва муаммоларга ижобий ечим топишади.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид