Худди кинолардагидек: Пекин - Тошкент йўналишидаги самолёт бортида туғилган чақалоқ ҳикояси
Дунёнинг ишлари кишини доим ҳайратга солиб, ўйлантириб келган. Яратган мўъжизаси билан содир бўлган шундай воқеаларга гувоҳ бўласанки, қалбинг ўз-ўзидан буни тасдиқлайди. Парвоз вақтида бешинчи фарзандини дунёга келтирган ўзбекистонлик аёл ҳикояси интернет тармоғи фойдаланувчиларининг ана шундай ҳайратига сабаб бўлди. Воқеа, аслида, қандай бўлган, кўзи ёриш арафасида аёлга кимлар, қай тарзда ёрдам кўрсатишган эди?
«Kun.uz» таҳририятининг бугунги меҳмонлари тиббиёт фанлари докторлари, профессор Гулсара Ешимбетова ҳамда профессор Раҳматилла Ниёзметовдир. Айнан улар бешинчи фарзандини самолётда дунёга келтиришга мажбур бўлган онага ёрдам беришган. Бу ҳақда меҳмонлар шундай ҳикоя қилишади.
Youtube'да кўриш
Mover'да кўриш
«Биз Хитойга «бачадон бўйни саратони профилактикаси» бўйича инновацион технологияни ўрганиш бўйича борган эдик. Сафаримиз бир ҳафта давом этди. Пекин шаҳридан Ўзбекистонга қайтаётганимизда, мана шу ҳодиса содир бўлди», — дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Гулсара Ешимбетова.
«Биз, аввало, кўзи ёриган онага ҳам, чақалоққа ҳам, унинг отаси, бобо-бувиларига ҳам саломатлик тилаймиз. Болани дунёга келтириш физиологик жараён. Яъни, уйда ҳам, туғруқхонада ҳам болани дунёга келтираверишган. Аммо 10 минг метр баландликда бешинчи бор туғаётган аёлга ёрдам кўрсатиш, жуда қийин ва шу билан бирга ўта масъулиятли бўлди», — дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Раҳматилла Ниёзметов.
Ҳикояни Гулсара Ешимбетова давом эттирди.
«Парвозга ярим соат бўлганида, бирдан эълон қилинди. «Самолётда фавқулодда ҳолат юзага келди, бемор бор. Орангизда шифокорлар борми?», дея инглиз тилида мурожаат бўлди. Ўрнимиздан отилиб туриб, воқеа жойига тезда етиб бордик. Борганимизда орқа ўриндиқлардан бирида аёл ётар, оғриқданми, ҳаяжонданми ранглари оқариб кетган эди. Уни дарров орқа салонга олдик.
Ўша вақтда аёлни кўпчилик ўраб олган, шовқин-сурон кўтарилган муҳит бўлган. Энг қийини қарор қабул қилиш эди. Чунки, атрофдан турли таклифлар тушаётган, ҳатто самолётни қайтариш масаласи ҳам кўрилаётган эди. Шифокорлар бу вазиятда ўзларини йўқотиб қўйишмади, босиқлик билан зарур чораларни кўришди. Аввало, аёлнинг юрак уриши саналди. Пульс 120-124 эди. Мутахассислар ўз ишларини жуда яхши билишарди, аммо шу билан бирга хавотирлари ҳам бор эди... Бу ҳақда Раҳматилла Ниёзметов шундай дейди: «Аёлнинг бешинчи бор туғиши эди. Семизлик, юракдаги ҳолат ва қон кетиш хавфи сабаб биз бироз хавотирландик. Бу бир қараганда кўринди. Туғруқни мен қабул қилиб оладиган бўлдим, чақалоққа эса Гулсара Ешимбетова ёрдам берадиган бўлди. Ҳомила 34-35 ҳафталик эди. Киндик қандай қилиб кесилади, нима билан боғланади, болага инфекция юқтирмаслик учун нима қилиш лозим, зарур тиббий асбоб-ускуналар борми, мана шу муаммо эди».
Туғруқ жараёни бошлангач, самолёт бортида мавжуд барча тиббий қутилар олиб келинади, ҳатто учувчи хонасидаги ҳам. Болани туғдириш учун махсус жой қилинади. «Хитойлик стюардессаларнинг қўрқувдан кўзлари чиқаёзади, уларни-да хотиржам қилишга ҳаракат қилдик», — дейди шифокорлар. Улар ҳар томонлама тайёрланишди: туғиш жараёнида қон кетиб қолса нима бўлади, шундай бўлган тақдирда уни тўхтатиш учун нималар бор ва ҳоказо. Бундан ташқари, шифокорларнинг таъкидлашича, туғруқ вақтида боланинг оғзига ҳомила суви кириб қолар, бунинг оқибатида эса, боланинг нафас олиши қийинлашар экан. Табиий шароитда унга ёрдам кўрсатилиб, оғзидаги сув чиқариб юборилар экан. Бу вазиятда эса шифокорларда бундай имконият йўқ эди.
Ҳаммаси яхши тугади. 35 йиллик тажрибага эга шифокорлар умрларида илк бор, 10 минг метр баландликда юзага келган фавқулодда вазиятда кўзи ёриётган онага ёрдам беришди. Бор маҳоратларини ишга солишди. Она ҳам, бола ҳам азият чекмасликлари учун қўлларидан келган барча ишни қилишди. Шундай қилиб, 24 ноябрга ўтар кечаси, соат 01:00ларда 10 минг метр баландликда Пекин - Тошкент йўналиши бўйича учаётган CZ6027 рейси самолёти бортида чақалоқ дунёга келди. 300 нафарга яқин йўловчи ўрнидан туриб, шифокорларни олқишлашди. Самолёт Пекинга қайтди. Айни дамда она ва бола Пекиндаги Hemujia касалхонасига жойлаштирилган.
Суҳбат якунида шифокор Гулсара Ешимбетова аёлларга қуйидагича тавсиялар берди: «Хотин-қизларимиз ўз саломатликларига жуда беэътибор. Болам-чақам дейди. Ишларини қиладию, лекин соғлиғига қарамайди. Ҳа, туғруқ физиологик жараён, аммо бунгача бўлган жараёнга эътиборлироқ бўлиш лозим. Эртароқ шифокор навбатига ёзилиши, шифокор айтган барча кўрсатмаларни бажариши, ўз вақтида мурожаат қилиши зарур. Туғруқ даври катта пайтларда йўлга чиқиш керакмас. 12 ҳафтагача самолётга ўтириш мумкин эмас. Нега? Чунки 60 фоиздан кўп туғруқ тушиш ҳолати мана шу 12 ҳафтагача бўлади. Бутун дунё бўйича бир қарорга келинган – ҳомиладор аёлни 28 ҳафтадан кейин самолётга чиқармайди. Чунки 12 ва 28 ҳафталик вақт орасида бола жуда енгил бўлади. Тепага кўтарилгач, бола пастга қараб тортилади ва туғруқ ҳолати вужудга келиб қолиши мумкин. Аёл соғлом бўлгачгина ҳомиладор бўлгани афзал. Чунки касалманд ҳомиладор аёлга кўп дори бериб бўлмайди, сабаби болага ножўя таъсир ўтказади».
Мавзуга оид
14:01 / 15.11.2024
Лавров самолётига хорижда ёнилғи қуйишдан бош тортишаётганидан шикоят қилди
21:10 / 10.11.2024
Тошкентдан Жиддага учган самолёт ортга қайтишга мажбур бўлди
12:02 / 02.11.2024
Мюнхендан Шанхайга учаётган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнди
11:56 / 02.11.2024