Сооронбой Жээнбековдан Хитой лагерларида ушлаб турилган қирғизларнинг озод этилиши сўралди
Хитойда ушланиб, тарбия лагерларига юборилаётган қирғизлар орасида Қирғизистон фуқаролари ҳам бор бўлиб, бу ҳақда ушланганлар яқинлари ва хитойлик қайрилманларнинг Қирғизистон президенти Сооронбой Жээнбековга мурожаатида айтилган.
Уларнинг айтишича, Хитойда этник қирғизларни ҳеч қандай сабабсиз ушлаб, тарбия лагерларига жўнатишмоқда. Мурожаат муаллифларининг таъкидлашларича, ушланганлар орасида Қирғизистон паспортига эгалар ҳам бор.
“Қирғизистонликларнинг Синьцзян-Уйғур мухтор округидаги аҳволи оғир. Этник қирғизлар ҳеч қачон Хитой давлат манфаатларига қарши чиқишмаган. Уларни асоссиз ушлаб, лагерларга жўнатишмоқда”, дейилган мурожаатда.
Маълум қилинишича, ушланганлар орасида профессор Мамбеттурду Мамбетакун ва тарихчи Асқар Жунус ҳам бор.
“Бизнинг яқинлар Хитойга кетиб, қайтиб келишмаяпти. Биз икки йилдан бери уларнинг қаердалиги ҳақида маълумот ололмаяпмиз. Уларнинг оилалари, фарзандлари ёлғиз қолишган. Шунингдек, Хитойдаги қариндошларимиз билан боғлана олмаяпмиз. Улар оммавий равишда ушланмоқдалар”, деб таъкидлаб ўтилган мурожаатда.
Ушланганлар яқинларининг айтишича, Қозоғистон ҳукумати Хитойга нота билан мурожаат қилганидан кейин у ердаги этник қозоқлар аҳволи яхшиланган. Улар шу муносабат билан ўз президентларидан яқинлари озод этилишида ёрдам беришини сўрашмоқда.
“Биз сиздан Хитойнинг ички ишларига аралашишингизни сўрамаяпмиз. Бироқ, Қирғизистон этник қирғизлар ва Қирғизистон фуқаролари нима учун оммавий ушланаётганлари ҳақида қизиқиб кўришга ҳақли, деб ҳисоблаймиз”, дейилган мурожаатда.
Расмий маълумотларга кўра, Синьцзян-Уйғур мухтор округининг Қизил-Сув округида 160 мингга яқин қирғиз яшайди.
Мавзуга оид
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти саммитида 8 та ҳужжат имзоланди
21:34 / 05.11.2024