Ўзбекистон | 11:46 / 26.11.2018
34620
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда олтин ва кумуш эсдалик тангалари сотувга қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангаларни муомалага чиқариш бўйича тажриба лойиҳасини амалга оширмоқда.

МБ хабарига кўра, бу аҳолининг инвестиция ва жамғариш имкониятларини кенгайтириш, мамлакатда қимматбаҳо металлар бозори фаолиятини ривожлантириш мақсадида ҳамда жаҳон тажрибаси ва амалиётидан келиб чиқиб қилинмоқда.

Сотувга 1994-2009 йилларда зарб этилган, 2 хил олтин ҳамда 14 хил кумуш эсдалик тангалари қўйилган бўлиб, уларнинг асиллик даражаси 999,9 ҳамда оғирлиги 31,1 граммдан иборат. Эсдалик тангасининг оғирлиги, ишлаб чиқариш хусусиятларидан келиб чиқиб, кўрсатилган параметрлардан 0,01 граммга фарқ қилиши мумкин.

Сотувга жами 1900 дона олтин ҳамда 6900 дона кумуш эсдалик тангалари қўйилган. 

Фото: Марказий банк
Фото: Марказий банк
Фото: Марказий банк

Мазкур эсдалик тангалар уларнинг техник хусусиятларини тасдиқловчи асиллик сертификатлари билан сотувга чиқарилади. Тангалар “PROOF” сифатига мувофиқ тайёрланган.

Эсдалик тангаларни сотиш нархи Марказий банк томонидан ҳар ҳафтада камида бир марта миллий валютада белгиланади.

Қайд этилишича, 2018 йил 28 ноябрдан бошлаб эсдалик тангаларини тижорат банкларининг айрим филиалларида нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар асосида сотиб олиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларни сотиш тўғрисидаги низом тасдиқланганди.

Мавзуга оид