Ўзбекистон | 18:17 / 28.11.2018
3711
3 дақиқада ўқилади

Хитойда ўзбек маҳсулотлари кўргазма майдони очилади

Ўзмиллийбанк ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вакиллари Хитойнинг Шанхай шаҳрида 5-10 ноябрда ўтказилган халқаро “China International Import Expo 2018” кўргазмасида иштирок этишди.

Кўргазмада Жамғарма томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган экспортбоп маҳсулотлар, хусусан қандолат маҳсулотлари, қуритилган мевалар, тайёр текстиль маҳсулотлари, шунингдек, алкоголь маҳсулотлари намойиш қилинди.

Кўргазма доирасида тадбиркорларга ўз маҳсулотлари ва хизматларини ташқи бозорга олиб чиқиш, маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, товар рекламаси ва брендлаштириш ёрдамида харидор топишга кўмаклашиш мақсадида Жамғарма ва “Шаньси” эркин савдо зонаси маъмурияти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

22,62 кв.км майдонни эгаллаган Хитой эркин савдо зонасининг функционал қисмида эркин тижорат олиб бориладиган халқаро ички порт қурилиши режалаштирилган бўлиб, унинг фаолияти асосан халқаро савдо-сотиқ, замонавий логистика, молиявий хизматлар, электрон тижорат, кўргазма-ярмаркалар ўтказиш, шунингдек, “Бир камар, бир йўл” доирасида халқаро транзит порт ишини йўлга қўйишга қаратилади. 

Учрашувда ўзбек маҳсулотларининг Хитой бозорларига экспорт қилиниши юзасидан долзарб масалалар муҳокама қилинди. Бундан ташқари, томонлар ўтказиладиган кўргазма, ярмаркалар ҳамда Хитой бозори бўйича маркетинг тадқиқотлари билан мунтазам равишда маълумот алмашиш ҳақида келишиб олдилар. Хитой савдо зонаси маъмурияти томонидан Жамғармага беғараз 500 кв метр кўргазма майдонда “show room” учун жой ажратилди. Ҳозирги вақтда “show room" қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Сиань шаҳрини Марказий Осиё ва Европа билан боғлайдиган «Чанъань» халқаро юк ташувчи поезди орқали Ўзбекистон маҳсулотларини “Шаньси” эркин савдо зонасига тез ва қулай  етказиб бериш мумкин. Бунда Дирекция томонидан 50% чегирма тақдим этилмоқда.

Шу муносабат билан Жамғарма Хитой бозорида ўз маҳсулотларини сотиш ва қўшимча реклама қилишни хоҳлаган барча хўжалик юритувчи субъектларни ҳамкорлик қилишга таклиф этади. 

Жамғарма Хитойнинг Шаньси провинциясида яна битта ваколатхона очишни режалаштирган. Кўргазмага ҳар куни 1000 дан ортиқ хитойлик йирик улгуржи компания вакиллари ташриф буюради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид