Жаҳон | 22:58 / 29.11.2018
21483
2 дақиқада ўқилади

Хитойдаги “қайта тарбиялаш лагерлари”да 50 мингга яқин қирғиз ушлаб турилгани маълум қилинди 

Фото: Bitter winter

Хитойда яшовчи 50 мингга яқин қирғиз “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”га зўрлик билан жўнатилган. Бу ҳақда у ерда ушлаб турилган қирғизларнинг ҳуқуқларини ҳимояловчи қўмита аъзоси Алманбет Осмонуулу маълум қилди. 

Хитой Синьцзян вилоятида “экстремистлар” учун мўлжалланган лагерларнинг мавжудлигини яқиндагина тан олди. ОАВ ва ҳуқуқ ҳимоячилари бундай лагерларда ўн минглаб уйғурлар зўрлик билан ушлаб турилганини маълум қилган. Маълумотларга кўра, бундай лагерларга суд ва терговсиз “экстремизм”да гумон қилинган минглаб мусулмонлар жўнатилади.

Осмонуулунинг айтишича, Хитойда яшовчи ва лагерларга жўнатилган қирғизлар “диндан йироқлар, диндорлиги билан ажралиб турмайди”. Унинг маълум қилишича, ушланган қирғизлар орасида зиёлилар – олимлар, журналистлар бор.

Лагерларда ушланиб турилганлар яқинларининг фикрича, тарбиялаш лагерларининг мақсади экстремизмга қарши кураш кўриниши остида туркийзабон аҳолини ассимиляциялаш (қориштириб юбориш) ҳисобланади. “Бу лагерлар таълим берувчи марказлар деб аталади, аслида бундай эмас. Бу лагерларда коммунистик ғоялар суқиштирилади, бўйсунмаслик учун қийноқлар қўлланади”, демоқдалар улар.  

26 ноябрда Хитойдан қайтган 10 нафар этник қирғиз қариндошларининг Хитойда қаердалигини аниқлашда кўмак кўрсатишни сўраб Қирғизистон президентига мурожаат қилишган.

Мавзуга оид