Ўзбекистон | 09:45 / 29.11.2018
23859
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги кўкрак нишони таъсис этилди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йилнинг 1 июнига қадар, жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи ва тўғридан-тўғри амал қилувчи “Маданият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритади: 

маданият соҳасида давлат сиёсатининг асосий тамойиллари ва йўналишлари, уларни амалга оширишда иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ваколатлари; 

маданият соҳасида фуқаролар, миллат ва элатларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари; 

маданий объектларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиблари, шунингдек, уларни молиялаштириш ва бошқаришнинг ўзига хос хусусиятлари; 

ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, маданият соҳасидаги ходимларнинг ижтимоий ҳимояси; 

маданий алмашув, халқаро ташкилот ва хорижий давлатлар билан ҳамкорлик, маданият объектлари ва санъат асарларини оммалаштириш. 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг “Халқ чолғулари ижрочилари”, Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари” ва Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” республика кўрик-танловларини анъанавий равишда ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди. 

Белгиланишича: 

а) ушбу республика кўрик-танловлари: 

“Халқ чолғулари ижрочилари” кўрик-танлови икки йилда бир марта, дастлаб 2019 йилнинг июнь ойида; 

Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари” кўрик-танлови икки йилда бир марта, дастлаб 2019 йилнинг октябрь ойида; 

Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” кўрик-танлови икки йилда бир марта, дастлаб 2020 йилнинг апрель ойида ўтказилади; 

б) ушбу республика кўрик-танловлари ғолибларининг бир нафардан якка ижрочилари тегишли йўналиши бўйича олий таълим муассасасининг бакалавриат босқичига қабул квотасига қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинади. 

Мавзуга оид