Ўзбекистон | 23:00 / 30.11.2018
9339
6 дақиқада ўқилади

«Ижтимоий фикр» маркази ўсмирлар орасида кун тартибига оид сўровнома натижалари билан бўлишди

Жамоатчилик фикрини ўрганиш билан шуғулланувчи «Ижтимоий фикр» маркази «Ўсмирлар ўзлари ва кун тартиби ҳақида» ижтимоий  сўровномасини ўтказди. Kun.uz мухбирига маълум қилинишича, сўровнома ўтказишдан асосий мақсад ўсмирларнинг кун тартиби, унинг ўқувчилар ҳаёт тарзига таъсири, уларнинг ижтимоий йўналиш ва қизиқишларини ўрганишдан иборат бўлган.

Сўровнома республиканинг барча ҳудудларида ўтказилган бўлиб, унда шаҳар ва қишлоқ жойларида яшовчи 12 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўқувчилар қатнашган.

Сўровнома натижалари тўғри тузилган кун тартиби, яъни ўқиш, дам олиш, уйқу, овқатланиш, жисмоний машғулотларга вақтни тўғри тақсимлаш ўсмирларнинг руҳий ва жисмоний шаклланишида муҳим роль ўйнашини кўрсатган. 

Тадқиқот давомида аниқланишича, кун тартибидаги бузилишлар ўсмирларнинг жисмоний саломатлиги ва мактабдаги ўқишида жиддий акс этади. 

Маълумотларга кўра, ўсмирларнинг тунги уйқу давомийлиги ўртача 8,5 соатдан 9,5-10 соатгача вақтни ташкил қилади. Маълумотлар таҳлили уйқу режимининг бузилиши асосан (21,1 фоиз) катта ёшли ўсмирларда кузатилишини кўрсатди ва бундай ҳолат кўпроқ (16,9 фоиз) шаҳарда яшовчи мактаб ўқувчиларига хос. Сўровномада иштирок этган 16 ёшли ўсмирларнинг 1,4 фоизи уйқуга жуда кеч ётишини айтган. Бу тоифадаги ўсмирлар ўз хатти-ҳаракатлари, кайфияти, саломатлиги билан боғлиқ салоҳиятли хавф зонасида бўлиб, педагог ва ота-оналаридан ўзларига катта эътибор талаб қилишади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилган ижтимоий сўровнома натижаларининг кўрсатишича, аксарият ўсмирлар (82,9 фоиз) мунтазам равишда гигиеник тартибга риоя қилади, хусусан, юз-қўлларини ювиб, тишларини тозалайди. Тадқиқот натижаларига кўра, шахсий гигиена масаласида қиз болалар масъулиятлироқ экани маълум бўлди. Таъкидлаш жоизки, сўровнома давомида тишларини ҳам эрталаб, ҳам кечқурун тозаловчи бирорта ўсмир аниқланмаган.

Шунингдек, сўровнома якунларига кўра, 31,8 фоиз мактаб ўқувчиси мунтазам равишда бадантарбия билан шуғулланиши маълум қилинди; 23,3 фоизи - бадантарбия қилади, бироқ мунтазам эмас; 7,4 фоизи - ота-оналари босими остида жисмоний машғулотлар билан шуғулланади. Ҳар учинчи ўсмир эса умуман бадантарбия қилмайди, улар орасида қишлоқ шароитларида яшовчи ўсмирлар кўпчиликни ташкил этади.

Тадқиқот натижалари ўсмирларнинг аксарияти кунига уч марта овқатланишини (нонушта, тушлик, кечки овқат) кўрсатди. Сўровнома давомида ўсмирлар улғайгани сари уларнинг тўлақонли овқатланиш режими қисқариши аниқланди. Бу эса мактаб ўқувчиларининг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.

Маълумотларга кўра, мактабдаги таълим  ўсмирлар режимида асосий ўринни эгаллайди, жумладан, ҳар иккинчи ўсмир мактабда камида олти соат вақт ўтказади, ҳар учинчиси - етти соатга яқин, ҳар ўнинчи ўсмир - саккиз соатча. Ўқувчилар катта бўлгани сайин уларнинг мактабда ўтказадиган вақти узайиб боради, бу юқори синфларда ўқув соатлари ва дарслар сонининг ошиши билан изоҳланади.

"Ижтимоий фикр" сўровномаси натижаларига мувофиқ, ўқиш жараёни ўсмирларга ёқади, улар умуман олганда ўз таълим муассасаларидаги таълим ва тарбия жараёнини ижобий баҳолашган. Шунингдек мактабда тенгдошлари билан мулоқот қилиш ва турли тадбирларда қатнашиш имконининг мавжудлиги ҳам таълим муассасасида вақт ўтказиш фойдасига хизмат қилиши аниқланган. Сўроқ қилинганларнинг аксарияти мактабда олинган билимлар уларнинг келажаги учун муҳим аҳамиятга эга эканлигига ишончи комил. 

  Ўсмирларнинг аксарияти севимли дарси сифатида математика ва информатикани қайд этган. Ҳар бешинчи ўқувчи она тили ва тарихни севимли фани сифатида келтирган. Ҳар ўнинчи ўқувчи инглиз тили дарсини белгилаган. 

Тадқиқотлар натижалари ҳар иккинчи ўсмирнинг бирор фан бўйича қўшимча машғулотлар ёки ижодий тўгаракларга қатнашини кўрсатган. Қўшимча машғулотлар кўпинча олий таълим муассасасига кириш учун чет тиллари, математика, она тилига оид билимларни чуқурлаштириш билан боғлиқ.

Ўсмирлик даврида кун тартибини бузишнинг жиддий шаклларидан бири - машғулотларни ўтказиб юбориш. Бу ўсмирларнинг нафақат мактаб қоидаларини, балки бошқа ижтимоий нормаларни ҳам бузишга мойиллигига ишора қилиши мумкин. Ўқувчиларнинг изоҳ беришларича, улар асосан касаллик туфайли дарсларни ўтказиб юборишган. Баъзи ўсмирлар, асосан қишлоқ жойларда яшовчи ўқувчилар ота-оналарига ёрдам беришлари сабабли ҳам машғулотларга келмай қолган вақтлари бўлади. Ҳар ўнинчи ўсмир оилавий тадбир сабаб дарсни ўтказиб юборади. Шу билан бирга, ўқув материалини ўзлаштирмаганлик ва уйга вазифани бажармаганлик туфайли текширувдан қочиб, доска олдида жавоб беришдан қўрқиб, назорат ишларини ёзишни уддалай олмасликдан хавфсираб дарсларни ўтказиб юборадиганлар ҳам мавжуд.

Ўсмирларнинг уйга вазифаларни бажаришга ўртача икки соат вақт кетади. Ўғил болаларга қараганда қиз болалар уй вазифаларини тайёрлашга кўпроқ вақт сарфлашар экан.

Маълумотларга кўра, 65,2 фоиз ўсмир учун ўқишдан бўш вақтида энг аҳамиятли машғулот - дўстлари билан мулоқот қилиш. Ўсмирларнинг яна бир севимли машғулоти - телевизион кўрсатувларни томоша қилиш. Сўровнома давомида аниқланишича, сўнгги вақтларда бадиий адабиётлар ва ўқув қўлланмаларини ўқиш, ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиш, ижодий тўгараклар ва спорт секцияларига қатнаш ҳам ўсмирлар орасида оммалашган.

Шунингдек 75,9 фоиз ўсмир уй хўжалигини юритишда ва 72,9 фоиз ўсмир кичик ука-сингилларига қарашга ота-онасига ёрдам бериши аниқланди. Қишлоқ жойларда яшовчи ўқувчилар эса, бундан ташқари, қорамолларни парвариш қилишда ҳам катталарга кўмак беришади.

Тадқиқот натижаларига кўра, деярли ҳар учинчи ўсмир бирор бир жиддий қизиқишга эга эмас ва бўш вақтини асосан телевизор қаршисида ёки тенгдошлари билан кўчада ўтказади. Бироқ "Ижтимоий марказ" мутахассислари фикрича, айнан шу ёшда ўсмирларнинг банд бўлиши, ижодга қизиқиши, спорт секцияларига қатнаши ва чет тилларни ўрганиши жуда муҳим.

Мавзуга оид