Жаҳон | 20:15 / 07.12.2018
4901
2 дақиқада ўқилади

ОПЕК давлатлари нефть қазиб олиш ҳажмини камайтириш бўйича келишувга эришди

Фото: EPA-EFE/CHRISTIAN BRUNA

ОПЕКнинг Венада ўтган йиғилиши ОПЕК+ келишуви иштирокчиларининг нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 1,2 млн баррелга қисқартирилишига розилиги билан якунланди. Бу ҳақда Ироқ нефть вазири Тамир ал-Ғадбан маълум қилди.

Нефть ҳажми 2018 йил октябрдаги ҳажмга нисбатан қисқартирилади.

Нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартиришнинг асосий қисми (800 минг баррел) ОПЕК давлатлари, қолган 400 минг баррели эса келишувнинг бошқа иштирокчилари, жумладан Россия улушига тўғри келади. Аввалроқ нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 150 минг баррелдан кўпроққа қисқартиришдан бош тортган Россия 200 минг баррелга рози бўлган.

Эрон нефть ҳажмини қисқартирмайдиган бўлди, чунки нефть экспорт қилувчи давлатлар Эроннинг АҚШ санкциялари сабабли нефть олиш ҳажми шундоқ ҳам қисқариб кетганини қайд қилишган.

Келишув 2019 йилнинг биринчи ярми учун амал қилади. Шу билан бирга нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш апрелда қайта кўриб чиқилиши мумкин.

ОПЕК анжумани раиси, БАА энергетика вазири Суҳайл Ал-Мозруийнинг маълум қилишича, Ўзбекистон, Чад ва яна бир қатор давлатлар ОПЕКга кузатувчилар сифатида қўшилган.

ОПЕК келишувга эришгани ҳақидаги хабарлар ортида Brent нефти нархи 61 доллардан 63 долларга кўтарилди. 

Мавзуга оид