Ўзбекистон | 08:13 / 08.12.2018
6910
4 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ва тиббий туризмни ривожлантириш бош бошқармаси тузилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Президент қарорида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилмоқда:

Хусусийлаштириш ва пуллик хизматларни ташкил қилиш маркази, жойлардаги хусусийлаштириш ва пуллик хизматларни ташкил қилиш бўлимлари ҳамда «Ўзмединфо» электрон соғлиқни сақлашни ривожлантириш марказини тугатиш;

Вазирлик тузилмасида Давлат-хусусий шерикликни ва тиббий туризмни ривожлантириш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларини ҳамда давлат унитар корхонаси шаклида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш марказини ташкил этиш.

Янги бош бошқарманинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

•    вазирлик ва унинг ҳудудий органлари таркибий бўлинмалари билан биргаликда соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида инфратузилма лойиҳаларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

•    тиббиёт ташкилотларининг мол-мулкини, шу жумладан, ер участкаларини муомалага киритиш бўйича таклифларни тайёрлаш, давлат-хусусий шериклик асосида инвестицияларни жалб этиш;

•    маҳаллий тиббиёт ташкилотларининг тиббий туризм салоҳиятини тубдан оширишга йўналтирилган кириш тиббиёт туризмини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш;

•    вазирликнинг бошқа таркибий бўлинмалари билан биргаликда кириш тиббиёт туризмини ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни тайёрлаш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш, хорижий инвестицияларни, шунингдек, тиббиёт ташкилотларининг сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантиришда халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларининг кредитлари ва грантларини жалб этиш;

•    давлат тиббиёт муассасаларида пуллик хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ва амалга ошириш, уларнинг номенклатураси ва ҳажмларини кенгайтириш.
Марказнинг асосий вазифалари эса қуйидагилардан иборат:

•    ахборот тизимлари, ресурслар ва соғлиқни сақлаш миллий маълумотлар базаларини яратиш, ривожлантириш ва кузатиб бориш бўйича ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

•    корпоратив тармоқларни яратиш, ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, Вазирликнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

•    Вазирликнинг ахборот хавфсизлиги таҳдидларини ўз вақтида аниқлаш ва унга қарши курашиш, ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини назорат қилиш ва мониторингини олиб бориш, ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини муҳофаза қилиш бўйича техник инфратузилмани татбиқ этиш ва ривожлантириш;

•    «электрон соғлиқни сақлаш» норматив ва норматив-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш, интеграциялашган ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш ва кузатиб бориш;

•    тиббиёт ташкилотларида ахборот тизимлари, илғор ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва кузатиб боришга кўмаклашиш;

•    вазирликнинг ахборот тизимлари, ресурс ва маълумотлар базасини ривожлантириш, уларнинг бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;

•    вазирлик ходимларининг ахборот тизимлари, ресурслар ва маълумотлар базасидан фойдаланиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида малакасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.

Президент қарори билан соғлиқни сақлаш бошқарув органлари ходимларининг чекланган сони 518 нафар, шу жумладан, Вазирликнинг марказий аппарати ходимларининг сони 127 нафар этиб белгиланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг розилигисиз давлат соғлиқни сақлаш муассасаларининг ер участкалари ва кўчмас мулклари бегоналаштирилиши тақиқланмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тошкент шаҳри, Алишер Навоий кўчаси, 12-уйда жойлашган биносини реконструкция қилиш Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилдаги ривожлантириш Давлат дастурига киритилмоқда.

Мавзуга оид