Коррупцияга қарши курашиш бўйича танлов ғолиблари аниқланди
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши «Ёшлар пресс клуби»да таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида «Биз ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт» шиори остидаги кўрик танловнинг «Энг яхши плакат», «Энг яхши сурат», «Энг яхши баён» номинациялари бўйича республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида ташкил этилган танловда 20 мингга яқин таълим муассасалари ёшлари 300га яқин плакатлар, суратлар ҳамда 500га яқин иншолар билан иштирок этишди.
«Коррупция давлат ва дунё жамияти соғлигига бевосита салбий таъсир кўрсатади. Бу иллат инсонларни соғлиқни сақлаш, таълим ва давлат тизимининг бошқа соҳаларидаги хизматлардан тенг фойдаланиш имкониятларидан маҳрум қилади. Ёшлар қонун устуворлиги ва давлатнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари тўғрисида яхшироқ ўрганиши, зиёли авлод бўлиб етишиши керак. Чунки, бу соғлом демократия учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Коррупцияга қарши курашиш мансабдорлар шахсларнинг ўз фаолиятидаги масъулиятини ҳис қилиши ва садоқат билан хизмат қилишини таъминлайди», – дея таъкидлади БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги вакили Ашита Миталл.
Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, Олий таълим муассасалари талабалари ва ўрта махсус касб ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари ўртасидаги танловда «Энг яхши плакат» номинацияси бўйича Қашқадарё вилояти, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти талабаси Умид Норчаев ҳамда Тошкент вилояти, Ангрен транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Виктория Якимова 1-ўринни, Фарғона вилояти, Фарғона политехника институти талабаси Мухлиса Хусанова ва Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳар Боғишамол саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дилора Бекмурадова 2-ўринни, Хоразм вилояти, Урганч давлат университети талабаси Моҳинур Қурёзова ҳамда Сурхондарё вилояти, Ангор педагогика коллежи ўқувчиси Гўзала Сафарова 3-ўринни қўлга киритди ҳамда ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқлари, қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.
«Энг яхши сурат» номинацияси бўйича Тошкент давлат педагогика университети талабаси Зиётбек Отакшиев, Қорақалпоғистон Республикасидаги Нукус автомобил йўллари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Туранбек Жалгасбаев 1-ўринга, Ўзбекистон Миллий университети талабаси Султонмурод Пардаев ва Сирдарё вилояти, Бахт енгил саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Гайнулин Рефат 2-ўринга, Бухоро давлат университети талабаси Сардор Равшанов ҳамда Наманган вилояти, Жомашўй мелиорация ва қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Феруза Мирахмедова 3-ўринга сазовор бўлди.
«Ушбу танловга коррупцион муҳит акс этган суратларим билан иштирок этдим. Ижодий ишимда ўз хизмат лавозимини суиистеъмол қилган ҳолда давлат мулкига хиёнат қилаётган мансабдор шахсларнинг тараққиёт кушандасига айланаётгани, бу иллат мамлакатни ич-ичидан емириб боришини тасвирлаб, 1-ўрин соҳиби бўлдим», – дейди Тошкент давлат педагогика университети талабаси Зиётбек Отакшиев.
«Энг яхши баён» номинациясида 1-ўринни Бухоро давлат тиббиёт институти талабаси Муҳриддин Найимов ва Фарғона вилояти, Марғилон педагогика коллежи ўқувчиси Нилуфар Музаффарова, 2-ўринни Қорақалпоғистон Республикаси давлат университети талабаси Темурбек Ибраимов, Хоразм вилояти, Хонқа маиший хизмат ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Севара Юсуфбоева, 3-ўринни Фарғона политехника институти талабаси Икромжон Исмоилов ва Навоий вилояти, Хатирчи уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ҳулкар Сувонова эгаллади.
Танлов ғолибларини аниқлашда асосий эътибор иштирокчиларнинг ижодий ёндашуви, сиёсий-ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда мавзуни аниқ очиб бера олганига қаратилди. Беллашув ёшларнинг коррупция жинояти бўйича ҳуқуқий билимларини ривожлантириш билан бирга, ёшларда коррупция муҳитини олдини олишда инновацион ёндашувга, мустақил фикрлашга ундайди.
Мавзуга оид
16:21 / 12.11.2024
1,5 мингга яқин бошқарув ходими қонунга зид тарзда тадбиркорлик қилаётгани аниқланди
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
16:01 / 05.11.2024
Зулфия номидаги давлат мукофоти талабгорларини танлаш тартиби белгиланди
19:41 / 30.10.2024