12:57 / 15.12.2018
21452

Ўзбекистонликлар учун Москвага қатновчи навбатдаги поезд рейси йўлга қўйилди

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

2018 йил 14 декабрдан эътиборан ўзбекистонликлар Россия пойтахти Москва шаҳрига яна бир поезд таркибида йўлга чиқишлари мумкин бўлади. Шу куни кечки 18-54да 350/349–сонли Тошкент-Москва-Тошкент йўналишида янги поезд ўзининг илк қатновини бошланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунгача Ўзбекистондан Москвага атиги 2та, 5/6 сонли Тошкент-Москва ҳамда 149/150–сонли Андижон-Москва йўналишида поездлар ҳаракати амалга оширилиб, йўловчиларга хизмат кўрсатилаётган эди. 

Янги рейс фуқаролар учун қулайлик тақдим этиш мақсадини кўзлагани боис, Тошкент марказий вокзалидан йўлга чиққан ушбу поезд Самарқанд, Навоий, Бухоро, Нукус шаҳарларидан ўтиб, Ўзбекистоннинг «Қорақалпоғистон» темирйўл станцияси орқали ҳаракатланади. 

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Бу билан йўл-йўлакай ушбу ҳудудларда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар ҳамда Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига келишни истаган сайёҳлар учун ҳам жуда катта қулайлик яратади.

Белгиланган жадвалга кўра, янги Тошкент-Москва йўналиши бўйича қатнов ҳафтада бир марта, ҳар жума куни амалга оширилади.

Тошкент-Москва-Тошкент рейси маҳаллий вақт билан 18-54да жўнайди ва 79 соатдан сўнг, Москва вақти билан соат 00-00да Россия пойтахтининг Қозон вокзалига етиб боради. 

Чипталар нархлари қуйидагича:

Плацкарт (227 ўрин)  –  1 196 482 сўм
Купе (26 ўрин)            –  1 867917 сўм
Люкс (16 ўрин)           –   2 838 347 сўм

Top