Ўзбекистон | 14:17 / 15.12.2018
9177
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Иш берувчилар конфедерацияси ташкил этилди

Фото: Depositphotos

Иш берувчиларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон иш берувчилари Конфедерацияси ташкил этилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Конфедерация вакили маълум қилди. 

Унга кўра, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Ўзэлтехсаноат» АК, «Ўзтўқимачиликсаноат» ва «Ўзчармсаноат» ассоциациялари ташаббуси билан мамлакатда иш берувчиларнинг манфаатларини ва қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон иш берувчилар Конфедерацияси ташкил этилган. 

Ўзбекистон иш берувчилар Конфедерациясининг асосий вазифалари Ўзбекистон иш берувчиларининг манфаатларини ва қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини ташкил этиш ва такомиллаштириш, шунингдек, иқтисодиётнинг барча тармоқларида иш берувчиларнинг юксак ижтимоий ва ҳуқуқий мақомини оширишга кўмаклашиш орқали мамлакатда ишбилармонлик фаоллигини оширишдан иборат бўлади.

Ўзбекистон иш берувчилар Конфедерациясининг фаолиятини молиялаштириш Конфедерация аъзоларининг ихтиёрий аъзолик бадаллари ва пуллик хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. 

Таъкидланишича, иш берувчилар Конфедерацияси Ҳалқаро меҳнат ташкилоти, Ҳалқаро иш берувчилар ташкилоти, қолаверса Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерациялари ва бошқа ташкилотлар билан ижтимоий-меҳнат муносабатларида иш берувчилар манфаатида ҳамкорлик қилади. 

Мавзуга оид