Жаҳон | 00:09 / 17.12.2018
7008
2 дақиқада ўқилади

Қатар АҚШ энергетик лойиҳаларига 20 млрд доллар киритади 

Фото: marc.desbordes \Flickr.com

Қатарнинг энергетика ишлари бўйича давлат вазири Саъд бин Шрида ал-Каъбий мамлакатнинг АҚШ энергетик лойиҳаларига 5 йил давомида 20 млрд доллар киритиш режасини маълум қилди. Ал-Каъбий АҚШни маблағлар киритиш нуқтаи назаридан истиқболли деб атаган. 

“АҚШ ривожланишда давом этмоқда, шу сабабли АҚШ ҳудудидаги турли лойиҳаларга 5 йил давомида 20 млрд доллар киритишни режалаштирмоқдамиз”, деб айтган ал-Каъбий Доҳада ўтган форумда. Унинг айтишича, Қатар суюлтирилган табиий газ, оддий газ ва нефть қазиб олиш билан боғлиқ лойиҳаларга қизиқиш билдирмоқда. 

Qatar Petroleum ижрочи директорининг Reuters ахборот агентлигига маълум қилишича, 20 млрд долларлик сармоялар компания томонидан тақдим қилинади. 

Шунингдек, Қатар БМТ ташкилотларига 10 йил давомида 500 млн доллар ажратади. Келишувга кўра, БМТнинг 8 та ташкилоти, жумладан ЮНИСЕФ ва қочқинлар ишлари бўйича олий комиссариат маблағлар билан таъминланади.

3 декабрда Қатар 2019 йил 1 январдан ОПЕК таркибидан чиқишини эълон қилганди. Нефть экспортчи давлатлари ташкилотидан чиқиш қарори Қатар томонидан халқаро майдондаги ролини мустаҳкамлаш имкониятлари таҳлилидан кейин қабул қилинган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид