19:30 / 18.12.2018
34025

Моуриньони «йиқитган» 5 устун

Ниҳоят Жозе Моуриньо «Манчестер Юнайтед»дан истеъфога чиқарилди. Августдан буён ҳамма кутаётган воқеа содир бўлди. Хўш, дунёнинг энг яхши мураббийларидан бирининг навбатдаги истеъфосига сабаб нима? Ростан ҳам Жозенинг услуби эскирдими? 

Ван Гаал мероси

Бу Жозе Моуриньо наздидаги асосий сабаб, яъни Манчестердаги муваффақиятсизликларга асосий сабаб қачондир сўралса, Жозе ўтган икки ярим йилини катта эҳтимол билан омадсиз ҳисобламайди ва унга тақдим этилган жамоа билан энг яхши натижаларга эришганини айтади. 

Бир тарафдан тўғри ҳамдир. Жозега сўнгги уч йилда еттинчи, тўртинчи ва бешинчи ўринларни олган, ягона соврини Англия кубоги финалида «Кристал Пэлас»ни қўшимча вақтдаги гол эвазига ютиб қўлга киритган жамоани қабул қилиб олганди. Таркибда ҳақиқий маънода топ-футболчи деб саналиши мумкин бўлган бирорта ҳам футболчи бўлмаган. Шу нуқтаи назардан, Агуэро, Сильва, Де Брюйне, Азар каби футболчиларга эга бўлган бошқа жамоалар билан солиштирганда «Манчестер Юнайтед» анча ғўр кўринарди. 

Тўғри, бу вазиятни ўнглаш учун унга етарлича пул берилди, бир қатор юлдуз футболчилар олиб келинди, ҳозирда маошлар бўйича «Юнайтед» лигада биринчи, таркибдаги футболчиларнинг нархлари бўйича эса, иккинчи ўринни банд этган. Аммо мураббий ўзи амалга оширган трансферлар кетидан катта босим келишини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Яъни, мураббий учун тайер, кучли ижрочилар йиғилган жамоага келиб, ишлаб кетиши анча осонроқ кечган бўларди. 

Шунингдек, ўйин фалсафаси борасида ҳам Моуриньога яхши мерос қолмаганини айтиш керак. Луи ван Гаал мураббий сифатида ўз вақтида Моуриньонинг устози саналган бўлса-да, ўйин фалсафаси, услуби борасида буткул аксидир. Натижада, Моуриньо бу борада ҳам нолдан бошлашга тўғри келди, бутунлай бошқа тактика ва фалсафа устига қурилган ва йиғилган таркиб билан бутунлай бошқача ўйнашга тўғри келди. Луи Манчестерга олиб келган Депай, Шнайдерлин, Роҳо, Дармиян, Шоу, Эррера, Блинд ва Швайнштайгер каби футболчиларнинг бирортаси ҳам Жозе услубига тўлақонли тушиб кетмади. Бу футболчиларнинг аксарияти билан муаммолар юзага келди.

Жозе бундай шароитга илгари тушмаганди. «Интер»да жамоани қабул қилиб олиб, Европа шоҳсупасига келган пайтгача бўлган вақтда унга А Серияда рақобат қила оладиган рақибнинг ўзи йўқ эди. «Реал»да эса, жуда маҳоратли ва жаҳон миқёсидаги юлдузлар йиғилганди. 

Пол Погба

Погба Моуриньо истеъфога чиққан вақтда Инстаграмдаги саҳифасига маънодор суратини жойлаштирди

Муаммолар фақат собиқ мураббийларнинг харидлари билангина бўлмади, албатта. Йўқ, сиз кутгандек эмас, Жозенинг истеъфоси айнан Погба билан бўлган зиддият туфайли рўй берди демоқчи эмасман. «Манчестер Юнайтед»нинг анъаналари бундай сиёсат олиб боришга йўл қўймайди: «қачон бир футболчи жамоада мураббийдан ҳам муҳимга айланса, жамоа тугайди», – деган эди сэр Алекс Фергюсон. 

Шунчаки, Моуриньо Погба билан боғлиқ режаларда катта хатога йўл қўйди. Ўша пайтда ҳеч ким бундай дея олмаган бўларди. Ақллилик қилмайлик-да, «хато бўлиб чиқди» иборасини қўлласак, тўғрироқ бўларди. 

Пол Погба – супериқтидорли яримҳимоячи. Салоҳият жиҳатидан ҳатто дунёнинг энг яхши футболчилари билан беллаша олади. Аммо Погба бироз беқарор футболчи ҳамдир. 

Бу «Ювентус»да билинмасди, чунки у Туринда асосий футболчи бўлмаган. Буффон, Пирло, Видаль, Тевес, Бонуччи каби футболчилар томонидан ўрнатилган пойдеворнинг чўққиси бўлганди холос Погба. Яъни, франциялик бу футболчи жуда чиройли безатилган ширин тортнинг энг тепасидаги гул бўлиши мумкин, холос. «Мана, бизда мана бундай талантли футболчи ҳам бор», деб намойиш қилинади, чиройли финтлар, ҳаракатлар «Ювентус» ўйинига салобат ва кўркамлик бахш этади, аммо барибир жамоанинг кучи бошқаларда бўлиб қолаверади. 

Погба Манчестерда ҳам тайёр кучли жамоанинг асосий юлдузи бўлиши мумкин эди, бу ерда ҳам, ҳатто Жозе қўл остида ҳам. Аммо Жозенинг адашган жойи шу бўлдики, у Погбани тайёр жамоа устига олиб келмади, балки унинг атрофида янги жамоа қурмоқчи бўлди. Беқарор Погба атрофида қуриладиган жамоа ҳам босимларга дош беролмайдиган ва беқарор бўлиши табиий. 

Дастлабки мавсумда бу унча сезилмаганига ҳам изоҳ бор. Ибраҳимович ва Руни асосий юлдузлар сифатида намоён бўлишар, Погба шахсият борасида уларнинг соясида қолганди. Ўшанда ҳам баъзи журналистлар, мухлислар Погбани танқид қилишар, катта харажатлар кутилган самарани бермаётганини айтишар, аммо барибир Златан бор жойда асосий планга чиқиш имконсиз эди. 

Иккинчи мавсумга келиб, Златан ва Руни жамоани тарк этгач, асосий қаҳрамон – Погба бўлиб қолди ва жамоа натижалари ҳам, кўрсатаётган ўйин ҳам Погбанинг характеридан келиб чиқа бошлади. Шу йилнинг январида бошланган зиддият, оқибатда, «Ливерпуль»дек жиддий рақибга қарши ўйинда соппа-соғ Погбанинг захирада қолиб кетиши билан якунланди. Ўша кеча камида янги мавсумни мураббий ва футболчидан бири «Олд Траффорд»да бошламаслиги аён бўлганди. 

Моуриньо Погба билан боғлиқ хатосини, мана шундай катта трансфернинг босимини ўзига ортиқча юклаб олганини тушунгани аниқ. Масалан, яқинда журналистлар ундан шу ёзда 60 миллион еврога сотиб олиниб, майдонга туширилмаётган Фред ҳақида сўрашди. 

«Қачонки, жамоа ҳимояда яхши ўйнай бошласа, Фред каби креатив футболчи бизга ёрдам бериши мумкин. Ҳозир унинг ҳам майдонда бўлиши мувозанатни бузиб қўяди», – деб жавоб берди португалиялик мураббий.  

Гвардиоланинг «Манчестер Сити»си

Кўпчилик Моуриньонинг асосий устунлиги сифатида топ-тўқнашувларда, айниқса, кубок тизимида натижа кўрсата олишини айтишади. Аслида бироз бошқача.

Тўғри, Жозенинг «Порту» ва «Интер» билан қўлга киритган асосий ютуқлари айнан кубок тизимидаги баҳсларга тўғри келади, унинг «Реал» билан «Барселона»ни қандай тўхтатгани, «Челси» билан «Ливерпуль»ни қандай қилиб совриндан маҳрум қилганини эслаш мумкин. Лекин аксарият ҳолларда, Моуриньо яққол фаворит ёки класс жиҳатидан кучсизроқ бўлган рақибларга қарши ўйинларда бор кучини намойиш қила олади. 

Фаворитлар билан ҳимояни мустаҳкамлаш ва рақиб хатосини кутиш – бу доим ҳам ўхшамайди, лекин бир марта мана шундай ғалабага эришсангиз, натижага эришилмаган бошқа ўйинлар ёддан чиқиб кетади. Кучсизроқ жамоалар билан эса, тактик «ўйинлар» билан рақибнинг энг кучли жиҳатларига зарба бериш орқали қуролсизлантириш Жозенинг асосий устунлигидир. Чунки, кучсизроқ жамоаларнинг асосий қуроллари кам бўлади, рақиб айнан ўша қуроллар билан ўйнашга мажбур – буни олдиндан биладиган Моуриньо эса осонлик билан рақиб ўйинини бузади. Ўша «Монако»га қарши 2003 йилги ЕЧЛ финали ёки 2017 йили «Аякс» билан Европа Лигаси финали мураббий Моуриньони тўлақонли намойиш қилган ўйинлардир.

Ҳақиқий тенгма-тенг топ ўйинларда эса, кўпинча Моуриньо «қўрқоқ» тактикага суяниб қолади. Бу ерда рақибнинг асосий қуролларига урғу бериш хавфли, чунки рақиб ҳам алоҳида ўйинга бироз бошқача йўналиш танлаши мумкин. «Челси» билан «Атлетико»га қарши ўтган ярим финални эслаш мумкин, масалан.

Шунинг учун, Моуриньо давравий турнирларда сиртдан курашни афзал кўради. Яъни, Жозе жамоалари кучсиз жамоалар билан ўйинларда камроқ хатога йўл қўйиб, барқарор очко олиш эвазига, турнир жадвалини бошқаради. Ўзаро ўйинларда унинг жамоаси рақибидан яққол кучсиз кўриниши мумкин, аммо масофада Жозе устун келаверади.

«Челси», «Интер» ва «Реал» билан чемпионликка эришган мавсумларида ҳам бир хил сценарий кечган – дастлабки турлардан пешқадамликни қўлга олган Жозе жамоаси устунликни бой бермаган экан. Яқинда шунга ўхшаш статистика ҳам чиқди – барча мавсумларда Жозе жамоаси 12-турдан кейин нечинчи ўринда борган бўлса, мавсумни ҳам ўша ўринда якунлаган экан. 

Шу туфайли, режа бўйича Моуриньонинг чемпионлик даврига енгилмас «Манчестер Сити»нинг тўғри келиб қолиши мураббийнинг муаммоларидан бири бўлди. Ўтган йили «МЮ» мавсумни чемпионларга хос бошлади, дастлабки 8 ўйинда 6 ғалаба, атиги 2 гол ўтказиб юборилди. Бу темпда бошқа йилларда бемалол чемпион бўлиш ҳам мумкин эди. Аммо Гвардиола жамоаси ҳам тарихдаги энг яхши мавсумларидан бирини ўтказаётганди. 

Тўғри, балки ўтган йилги чемпионлик ҳам бугунги Жозени қутқара олмас, истеъфо содир бўларди. Аммо унинг Манчестердаги фаолиятини бу қадар муваффақиятсиз деб баҳоламаётган, Жозенинг ўзи эса, оммага тўрт бармоғини кўрсатиб, «Олд Траффорд»ни мағрур тарк этаётган бўларди.

Жозибасиз футбол ва ноқулай тактика

Фабио Капелло 2007 йилда «Реал»ни чемпионга айлантиргандан кейин ҳам истеъфога чиқарилганди. Катта эҳтимол билан, агар Жозе «Олд Траффорд»га бир қатор совринларни олиб келган тақдирда ҳам, аввалига ҳамма хурсанд бўлар, кейин барибир, зерикиб, ундан воз кечишарди. «Манчестер Юнайтед»га бундай футбол ярашмайди. 

Қизиғи, Жозе Моуриньо АПЛда 6-ўринни олган илк мавсумида эмас, ўтган йили, 2-ўринни олган йили кўпроқ танқид қилинди. Дастлабки йили, натижа бўлмаётган, дуранглар гирдобига ўралашган пайтларда ҳам, Мхитарян,  Мата, Ибраҳимович, Руни, Погба каби футболчилар жозибали футбол намойиш эта олишганди. Моуриньо Манчестерда ўзининг олдинги жамоаларидан фарқли бўлган креатив футбол қураётганига ишора эди гўё. 

Аммо кейинги мавсум ундай бўлиб чиқмади. Ҳақиқий вазифа қўйилди ҳамки, эски Жозени кўрдик. Ромелу Лукаку – Моуриньонинг ҳужумни ташкил қилишини ифода этувчи фигура. Кучли, бақувват, фойдали, жуда кўп гол уриши мумкин, аммо тўпни яхши тўхтата олмайди, жуда хунук дриблинг қилади, ураётган голларини ҳам роликларга қўйиб бўлмайди. Эринмасангиз, «МЮ»нинг 2016/17 ва 2017/18 йиллардаги голларини таққослаб кўринг. Эстетик жиҳатдан ер билан осмонча фарқ бор. 

Моуриньо тактикаси айниқса, юлдуз, ижрочи футболчиларга ноқулай эканини ҳам таъкидлаш жоиз. Бу ҳам футболчилардан катта куч талаб қиладиган жиҳат. 

Моуриньо ҳужумни ташкил қилишда асосан рақиб томонидаги бўш зоналардан фойдаланишни «яхши кўради». Шу туфайлидир балки, рақибнинг ҳам айнан шу қопқонига тушиб қолишдан жуда қўрқади. Оқибатда у шогирдларидан доимий равишда тўпга нисбатан ўз томонида жамланишни талаб қилади. Юқори прессинг, юқори ҳимояланишда деярли қўлламайди. Бу нима дегани?

Мисол учун, доимо юқори прессинг қўллайдиган Клопп ёки Гвардиолани олайлик. Уларнинг жамоасидаги сўнгги ҳимоячи рақиб дарвозасига анча яқин жойлашгани учун, энг олдиндаги ҳужумчи ва сўнгги ҳимоячи орасидаги масофа жуда қисқа. Ҳатто Гвардиола «Барселона»да бу масофани 20-25 метргача қисқартира олган. Бунинг натижасида, биринчидан, қисқа масофадаги зонада 10 футболчи жойлашган жамоа прессинг қилганда, тўпни олиб қўйиш осон кечади. Иккинчидан, энг олдинги ҳужумчи ҳам, орқага қайтиб, ҳимоячига айланиш учун узоғи билан ўша 20 метрни босиб ўтса кифоя. 

Манчестерда эса, жамоа жуда паст ҳимояда ўйнаши туфайли, бу масофа жуда катта, Лукакуни қўйинг, ҳатто ўша Погба орқага қайтиш учун баъзида 50 метр югуришига тўғри келади. Шунинг учун ҳам, айниқса топ ўйинларда конкрет футболчиларнинг хатоси, тўпга улгурмай қолгани намоён бўлиб қолаверади. Ўз вақтида Шоу, Погба, Марсиял каби футболчилар бу борада мураббийнинг жиддий эътирозига сабаб бўлишди. Гап фақат бу футболчиларнинг интизомсизликларида эмас, мос тактикада, улар ҳам жуда фойдали бўлишлари мумкин. 

Натижада, Моуриньо ўйинга бир пайтнинг ўзида бир неча мана шундай «интизомсиз» футболчиларни қўйишга «қўрқади». Айнан тўпсиз интизом фактори ёрдамида танланган таркиб эса, Янг, Эррера, Феллайни каби футболчилардан иборат бўлиб, ўйин сифатини кескин тушириб юборади. Натижада, Моуриньо олдида, айниқса, топ ўйинларда дилемма юзага келади: агар савияли ва юлдуз футболчилар билан ўйнай деса, улар белгиланган тактикага мос бўлмаганликлари туфайли, самарасиз бўлиб қолишади, ҳимояда улгуришмайди. Интизомни биринчи ўринга олиб чиқиб, таркиб танланганда эса, жамоа ҳужумни ташкил қилишда муаммоларга учрайди.

Бу фарқ бу мавсумдаги топ ўйинларда яққол кўринди. Моуриньонинг ҳақиқий топ ўйини фақат «Тоттенҳэм» (0:3) билан ўйинда кўринди, фақат шу ўйинда жамоа ташаббусни ўз қўлига олиб ўйнади. Бошқа ўйинларда, ҳатто яхши натижага эришилган «Челси» ва «Ювентус»га қарши сафар ўйинларида ҳам, аслида ўйин сифатида ижобий жиҳат кўзга ташланмаганди. 

Омадсиз трансферлар ва Эд Вудворд

Жозе Моуриньо, Эд Вудворд ва Бобби Чарльтон
Фото: AFP

 

Бу ёзда Моуриньога ҳатто ўз вақтида Давид Мойесга кўрсатилган мадад ҳам бўлмади. Ҳар холда Вудворд ўшанда Мойесни деб гоҳ Кроос, гоҳ Фабрегас ортидан югурган, ҳатто Тиаго Алкантара бир оёғи билан «Олд Траффорд»га келиб қолганди. 

Бу сафар ундай бўлмади. Мураббий жуда ҳам қаттиқ хоҳлаган баъзи футболчилар устида арзимас 5-10 миллион еврога ҳам талашилди ва трансферлар барбод бўлди. 18 очколик фарқ билан чемпионликка эришган «Сити» Риёз Маҳрез учун катта пул бераётган бир пайтда, «Манчестер Юнайтед» фақат Фред ва қария дарвозабон билан кифояланди. 

Албатта, гап фақат пулда эмас. Аслида яхши футболчини пайқаш бўйича уста бўлган Моуриньонинг Манчестердаги трансферлари омадсизликка учрамоқда. Ҳимояга олиб келинган Линделоф ва Байи ҳали ҳам асосий кучга айланишмади. Мхитарян Санчесга алмаштириб юборилди. Погба билан Моуриньонинг ўзида муаммолар юзага келди. Лукаку ва Матичга ҳам саволлар бор. Натижада, Моуриньо «Олд Траффорд»га олиб келган 10 футболчидан бирортаси ҳам бугунги кунда асосий таркибнинг алмаштириб бўлмас футболчисига айланмади. Ҳимояда эса, ҳали ҳам Фергюсон даврида сотиб олган Смоллинг, Янг, Валенсия каби футболчилар тўп сурмоқда. 

«Тоттенҳэм» ва «Ливерпуль» етакчи футболчиларни сотиб ҳам, арзонга олинган ёки академиядан чиққан Трипье, Дэвис, Роберстон, Александр Арнолд, Гомес каби футболчилардан топ ясаётган бир пайтда, Англияда етакчилардан бири бўлган «МЮ» академияси самарасиз бўлиб қолди. Фосу-Менса, Перрейра каби футболчиларнинг келажаги мавҳум.

Вудворд Алдервейрелд ёки Магуайр трансферларини пайсалга солаётганда айнан Клопп ёки Почеттино амалга ошираётган ишлар, ва албатта, Байи, Линделоф каби ҳали оқибати номаълум трансферларни ҳам рўкач қилган бўлиши ҳақиқатга яқин. 

Албатта, бу ерда фақат мураббийни эмас, клуб томонидан сўнгги йилларда танланган маркетинг йўналишини айблаш мумкин. Баъзи трансферларга футболдан кўра молиявий фактор кўпроқ аҳамият касб этганини кўриш қийин эмас. Златан, Мхитарян, Погба каби трансферлар бутунлай Моуриньонинг лойиҳаси деб айтиш ҳам ҳато бўларди.

Айнан шу жиҳатга «МЮ» раҳбарияти ҳам эътибор қаратгани ва мураббийнинг истеъфоси учун катта туртки бўлганини сезиш қийин эмас. Мисол учун, истеъфодан сўнг, «МЮ» нинг кейинги сиёсат йўналиши ўзгариши ҳақида хабарлар чиқди – айтилишича, энди жамоа «Тоттенҳэм» ва «Ливерпуль» йўлидан боради, қимматбаҳо ва юлдуз футболчиларни жалб қилишга уринмайди, аксинча, фойдали ва ёш иқтидорларга суянади.    

Хулоса

Жозе Моуриньо ишдан бўшатилгандан кейин «МЮ»нинг Каррингтондаги қароргоҳини тарк этмоқда
Фото: SkySports

Мавсум ярмига ҳам етмай содир бўлган иккинчи истеъфо Моуриньонинг каръерасига жиддий таъсир қилиши шубҳасиз. Аксарият топ-клубларда ҳозирда яхши ишлаётган ўз мураббийлари мавжудлигини эътиборга олсак, унинг навбатдаги шов-шувли тайинланиши ҳам даргумон. Катта эҳтимол билан энди Жозе ҳали ҳам ўзи қадрланадиган ва яхши хотиралар билан қабул қилишга тайёр турган клубга ўтиши мақсадга мувофиқ. Эсингизда бўлса, «Реал»даги жанжалли якундан сўнг, «Челси»га қайтиш Моуриньо фаолиятида янги қадам бўлганди. Бугун шу ишни «Интер» амалга ошириши мумкин. ЕЧЛдаги муваффақиятсизлик, даҳшатли «Ювентус» туфайли ички чемпионатда ҳам босим камроқ. Ўйин услуби жиҳатидан ҳам Жозе италияликларни зериктирмаса керак. Нафақат ўйин борасида, амбиция нуқтаи назаридан ҳам «Ювентус» билан рақобат қилиш учун яхши қадам бўларди миланликлар учун. Ёки «Порту»...

Жозе Моуриньонинг «Олд Траффорд»даги фаолиятини эса, бир сўз билан ифодалаш қийин. Яхши ўйинлар, совринлар ва унинг учинчи мавсуми учун анъанага айланган салбий воқеалар, зиддиятлар ҳам содир бўлди. Жамоа ўз тарихида илк бор Европа Лигасини ютиб олди. Фергюсон давридан кейин илк бор 2-ўринни эгаллади. Жамоа учун белгиланган планка ошди, ҳеч бўлмаса, мавсум бошларида чемпионликка даъвогар сифатида тилга ола бошладилар. Бу яхши. 

Яна бир энг муҳим жиҳат бор. Алекс Фергюсон «МЮ»нинг «отаси» эди, бу ерда менежер ҳам, спорт директори ҳам, мураббий ҳам, йўлбошчи ҳам айнан у саналади. Фергюсон кетгач, клубда ривожланиш курсини белгилаш, вазифалар учун мос ва ишлайдиган тизимни жорий қилишда оқсашлар кузатила бошлади. Жуда кўп нарсани мураббий зиммасига юклаб қўйишга одатланган клуб ишлаш принципларида ўзгаришлар қилиш даври келганини англамай келаётганди. Машҳур мураббий, бир қатор юддуз футболчилар ва трансферлар учун катта пул билан ҳар қандай муаммони ечиш мумкин, исталган пайтда илгариги даражага қайтиш мумкинлигига ишониб қолишганди.

Энди мана, энг машҳур мураббий ҳам олиб келинди, анча пул сарфланди – натижадан эса дарак йўқ. Бу йўлдан ўз вақтида юриб кўрган бошқа клублар аллақачон олдинлаб кетган, скаутлар билан ишлаш, футболни бошқариш, вазифалар ва муносабатлар борасида натижага эришиб бўлишди. 

Моуриньо даври раҳбариятга айнан шу жиҳатдаги муаммоларни, яъни ҳақиқий жамоа-оила қуриш аслида бошқа қадриятлар ортида эканини тушунтириб бера олган бўлса не ажаб. Бошқа йўл билан натижага эришиш имконсиз. Айниқса, «Олд Траффорд»да...

Қ. Асланов

Top