Ўзбекистон | 01:41 / 20.12.2018
5872
3 дақиқада ўқилади

ЮНЕСКО рўйхатидаги алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда қурилиш ишлари олиб бориш тартиби ўрнатилди

Фото: turizm.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Қарорга кўра, шундай тартиб ўрнатилмоқдаки, унга мувофиқ:

  • ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига тарихий-маданий қийматига кўра киритилган республикадаги ҳудудлар алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланади ҳамда уларда режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Департамент ҳамда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширилади;
  • моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;
  • моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан фойдаланиш тартибини белгилаш, ташриф буюрувчилар учун шароит яратиш билан боғлиқ масалалар мажбурий тартибда туризм соҳасида ваколатли давлат органи билан келишилади;
  • давлат кўчмас мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ёки текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилади;
  • археология қазишмалари табиий емирилиш, бошқа ҳаракат ва ҳолатлар хавфи остидаги ҳамда устувор илмий қимматга эга археология ёдгорликларида амалга оширилади ва уларнинг рўйхати Департамент томонидан эълон қилиб борилади;
  • Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхати ҳар йили Департамент томонидан унинг ҳудудий бошқармалари таклифига асосан шакллантирилади;
  • моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга оширишга ихтисослашган ташкилотларнинг рўйхати шакллантирилади ҳамда ушбу рўйхатдан танлов асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асрашга доир ишларни амалга оширувчи ташкилотлар аниқланади;
  • фаол фуқаролар ихтиёрийлик ва танлов асосида маҳалла фуқаролар йиғинлари кенгашининг қарори билан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича жамоатчи инспектор этиб тасдиқланади, уларнинг қонун ҳужжатлари бузилишига оид мурожаатлари Департамент ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан мажбурий тартибда давлат назорати шаклида текширилади, бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аниқланса, жамоатчи инспекторлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан пул мукофоти билан тақдирланади.
Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид