Ўзбекистон | 15:31 / 21.12.2018
3218
2 дақиқада ўқилади

Вьетнам элчиси Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунламоқда

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2018 йилнинг 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатда ўзининг дипломатик миссиясини якунлаётган Вьетнам Социалистик Республикаси фавқулодда ва мухтор элчиси Фам Ван Фаони қабул қилди.

ТИВ хабарига кўра, суҳбатда Ўзбекистон – Вьетнам мулоқотини изчил мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари ҳамда аввал эришилган келишувларни амалга ошириш борасида фикр алмашилган.

Таъкидланишича, ҳозирда икки томонлама муносабатларнинг ҳолатини сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги умумий ижобий ўсиш суръатлари билан ифодаласа бўлади.

Бугунги кунда Вьетнамнинг турли тузилма ва соҳаларида масъулиятли лавозимларни эгаллаб турган Ўзбекистон таълим муассасаларини 3000 дан ортиқ вьетнамлик битирувчилари мамлакатларни боғлаб турувчи муҳим фактор ҳисобланади.

Учрашувда Ўзбекистон – Вьетнам ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун катта салоҳият ва уларни амалга ошириш учун қизиқиш мавжудлиги тасдиқланди.

Вазир элчига сўнгги тўрт йил давомида Ўзбекистон билан Вьетнам ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги фаол саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик изҳор этди.

Фам Ван Фао, ўз навбатида, ўзининг Ўзбекистондаги миссиясини муваффақиятли бажаришида яратиб берилган қулай шароитлар учун самимий миннатдорчилик билдирди, дейилади хабарда.

Мавзуга оид