Ўзбекистон | 18:07 / 27.11.2025
2787
2 дақиқада ўқилади

Президент 7 та давлатнинг янги элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Россия, Тожикистон, Франция, Япония, Латвия, Индонезия ва Грециянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчилари президент Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиқларини топширди.

27 ноябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фавқулодда ва мухтор элчилар – Греция Республикасидан Параскеви Цевелеки, Индонезия Республикасидан Сити Руҳайни Жухаятин, Латвия Республикасидан Гиртс Яунземс,  Франция Республикасидан Валид Фук, Россия Федерациясидан Алексей Ерхов, Япониядан Кэндзи Хирата ва Тожикистон Республикасидан Насриддин Исматуллодан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Давлат раҳбари ўз миссиясини бошлаётган дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини самимий табриклади. Ҳозирги беқарор даврда, бутун дунёда мураккаб геосиёсий ва иқтисодий муаммолар кескинлашиб бораётган бир пайтда дипломатларнинг иши тобора муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

– Сизлар бир неча ойдан буён юртимизда бўлиб, бугунги кунда мамлакатимиз қандай жадал ўзгаришлар руҳи билан яшаётганига ва жаҳон дипломатия марказларидан бирига айланиб бораётганига шахсан гувоҳ бўляпсиз, деди Мирзиёев.

Давлат раҳбари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини фаол қўллаб-қувватлагани учун элчилар вакиллик қилаётган мамлакат ҳукуматларига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Маросим якунида Шавкат Мирзиёев янги тайинланган элчиларга шарафли фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади, ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун барча мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирди, ҳудудлар ва хусусий сектор вакиллари билан фаол ҳамкорлик қилишни тавсия этди.

Ўз навбатида, хорижий дипломатлар самимий қабул ва самарали фаолияти учун яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни фаол ривожлантириш учун профессионал тажрибаси ва билимларини тўлиқ сафарбар этишга тайёр эканлигини таъкидлади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид