Саудия Арабистони қиролининг акаси вафот этди
Замонавий Саудия Арабистонининг асосчиси Абдулазиз бин Абдураҳмон Ол Сауднинг 23-ўғли, амалдаги қирол Салмоннинг акаси Талол бин Абдулазиз Ол Сауд 87 ёшида вафот этди. Бу ҳақда унинг ўғли Ал-Волид бин Талол маълум қилди.
Шаҳзода Талол қирол Файсал номидаги шифохонада ҳаётдан кўз юмган. У охирги ойлар оғир касалликдан азият чеккан. The Middle East Observer нашри маълумотларига кўра, шаҳзода бир ой ичида 10 кгга озиб кетган ва трубка орқали овқатлантирилган.
Шаҳзода 2018 йил бошида қиролликдаги аксилкоррупциявий тозалашлар вақтида 3 ўғли, жумладан шаҳзода Ал-Волиднинг ҳибсга олинишига норозилик сифатида очлик бошлашини эълон қилган. Шаҳзода Ал-Волид ҳибсга олинишигача дунёнинг энг бой одамлари қаторига қирган, бироқ тафтишлар ўтказилиши ва жарима тўлагандан кейин бойлигининг катта қисмини йўқотган.
Марҳум шаҳзода 1950- ва 1960-йилларда алоқа ва молия вазирлари лавозимларини эгаллаган, шунингдек, миллий авиалинияларни назорат қилган. У қироллик оиласидан бўлишига қарамай, Саудия Арабистонида монархиянинг чекланиши ғоясини қўллаб-қувватлаган ва отаси бошқарувида шаклланган тузумни танқид қилиб келган, араб социалистлари билан алоқалари ва ўзининг мухолиф қарашлари билан маълум бўлган.
Шаҳзода 1958 йилда ислоҳотларга ва конституция қабул қилинишига чақирган “Озод шаҳзодалар” ҳаракатига асос солган. У 1962 йилда саройида тинтувлар ўтказилиши ва мол-мулки мусодара қилинишидан кейин “араб социализми” ғояси тарафдори бўлган Жамол Абдул Наср бошчилигидаги Мисрга қочган. Шаҳзода Талол Мисрдан туриб Саудия Арабистонида ислоҳотлар ўтказилишини талаб қилишни давом эттирган. У шу қарашлари сабабли “Қизил шаҳзода” лақабини ҳам олган. 1963 йилда онаси жонбозлиги билан акаси, Саудия Арабистонининг ўшандаги қироли Файсал билан ярашиб, қиролликка қайтган.
Шаҳзода охирги йилларгача монархияни чеклашга чақириб келган. У 2012 йилда Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг валиаҳд шаҳзода этиб тайинланишига қарши чиққан.