Иқтисодиёт | 10:07 / 28.12.2018
14477
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон III чоракда олтин сотмади, бироқ Швейцария асосий экспорт бозори бўлиб қолмоқда

Фото: Getty Images

Ўзбекистон жорий йилнинг III чорагида олтин сотмади. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботида айтилган.

Жорий йилнинг I чорагида олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи ўртача троя унцияси учун 1 330,7 доллар, II чоракда эса – 1,8% пасайган ҳолда 1 306,3 долларни ташкил этди. III чоракда олтиннинг жаҳон бозоридаги троя унцияси учун ўртача нархи ўтган чоракнинг ўртача нархига нисбатан 7,1% пасайган ҳолда 1213,5 долларни ташкил қилди.

Ўртача нархлар бўйича ҳисоблаб чиқилган олтиннинг сотиш ҳажми – 30 тонна, II чорагида эса – 6,4 тонна бўлди. Жорий йилнинг III чорагида олтиннинг реализацияси амалга оширилмади.

Швейцария олтиннинг асосий сотиб олувчиси бўлиб қолмоқда, бу унга Ўзбекистон учун асосий экспорт бозори бўлиш имконини беряпти.

Биринчи ярим йиллик якунлари бўйича мамлакат экспортининг 31 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келди. Таққослаш учун, Хитойда - 18%, Россияда — 16%.

9 ой якунларига кўра Швейцария етакчилик қилмоқда. Аммо, Ўзбекистон июлдан сентябргача олтин сотмагани сабабли мамлакат улуши 23 фоизгача пасайди, бироқ бу Хитой (21 фоиз) ва Россиядан (18 фоиз) кўпроқ.

Шу билан бирга, мамлакатнинг олтин захиралари кескин ошди (нарх тушганига қарамасдан). Сентябрь ва октябрь ойларида 13,9 млрд доллар бўлган бўлса, ноябрда - 14,6 млрд, декабрда эса - 14,9 млрд доллар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид