«Маҳалламизда бир неча йиллардан бери тоза ичимлик суви танқис. Булоқдан ҳафтада икки марта бориб катта идишларда сув олиб келиб овқатга, чойга ишлатамиз. Бир неча бор тегишли идораларга мурожаат билан чиқсак-да, ижобий натижа кўрмадик. Вилоят ҳокимлигидан келиб, шаҳар ҳокимлигига топшириқ беради, шаҳар вакиллари яна аллакимга... Хуллас, вақт ўтиб бормоқда. Кун давомида бор-йўғи саккиз соат сув чиқади, аммо уни ичимлик суви деб айта олмаймиз. Жўмракни бурсангиз тоза сув ўрнига лойқа сув оқади, бу сув ичиш тугул, кир ювишга ҳам яроқсиз... Тиндириб қўйсангиз ҳам сув лойқалигича қолаверади.

Энг муҳими — сувдан қарзимиз йўқ, ўз-ўзидан сувга тўловлар чиқиб келаверади. Ижрочини излаб овора бўлганимиз етмагандек, йўқ жойдан чиқиб келаётган қарзларни ёполмай сарсонмиз. Жиззах шаҳар «Сувоқова» ДУК корхонасига борсанг «у хонага киринг», ундан «бунисига киринг», дея сарсон қилишади. Бизни ҳам кимдир эшитадими?».

Бу — Жиззах шаҳридаги «Зилол» маҳалласи, Маърифат кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан йўлланган мурожаатнинг қисқача мазмуни. Югур-югурлардан безган маҳалла аҳли кўп йиллардан бери қийнаб келаётган ичимлик суви муаммоси ҳал бўлишини истайди. Уларга қулоқ тутамиз.

«Мана, кўринг, шу сувни ичиб бўладими? Шу лойқа сувни лабораториядан келиб текшириб кетишди. Сувни «истеъмолга яроқсиз», дейишди. Яроқсиз бўлса ҳам, баъзи хонадонлар шу сувдан фойдаланишади. Нима қилишсин?! Алам қиладигани шуки, ичимлик сувдан қарздорлигим йўқ. Кеча қўлимга «280 минг сўмга ичимлик сувидан қарзингиз бор», деб хат ташлаб кетишди. «Сувоқова»га борсам сарсон қилишди. Кун кеч бўлди, аммо муаммо ҳал бўлмади. Бу ҳақда кимдир қизиқадими?» — дейди Зуҳра Эшонқулова.

«Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. «Сувоқова» корхонаси ходимлари томонидан назорат ўта паст даражада. «Сувоқова» корхонаси фаолияти устидан ким назорат қилади? Лойқа сув келгани боис «Аристон» бойлерларимизнинг ичи балчиқ бўлиб қолади. Алам қилгани — қарз қилиб қўйишгани. Йиғилишлар бўлди. Катта ташкилот-идоралар вакиллари келишди. Муаммо ҳал бўлмади. Қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб кетишди. Энди ҳал бўлишига кўзим етмайди. Порталга чиқдик, «Халқ қабулхонаси»га бордик, маҳаллий телевидениега ҳам мурожаат қилдик. Биз шаҳар «Сувоқова» корхонаси билан шартнома тузганмиз, шартномада кун давомида ичимлик суви узлуксиз берилиши белгилаб қўйилган. Бизда сутка давомида 5 соат сув беришади. Кўп хонадонларда ҳисоблагичлар ўрнатилмаган, улар ҳам 24 соатга пул тўлайди», — дейди Дилором Муҳиддинова.

Маҳалла аҳлини қийнаб келаётган муаммолардан бири болалар майдончасининг йўқлиги, атрофда турли клиника-ю даволаш масканларининг бетартиб қурилгани.