Жаҳон | 00:58 / 07.01.2019
8247
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Исроил хавфсизлигига ишонгач, Суриядан кетади – Оқ уй

Фото: The U.S. Army

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Жон Болтон Америка кучларининг Суриядан чиқарилиши Исроил ва минтақадаги бошқа Вашингтон иттифоқчилари хавфсизлигини таъминлаш билан амалга оширилишини билдирди. У бу ҳақда Қуддусдаги Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан биргаликда ўтказилган матбуот анжуманида айтган.

«Биз президентнинг қўшинларни [Суриядан] олиб чиқиш қарорини яна муҳокама қиламиз. Буни шундай амалга ошириш керакки, бу таҳдидни қайта тиклашнинг иложи йўқлигига ишонч ҳосил қилишимиз, Суриянинг шимоли-шарқий қисмида жангариларнинг тўлиқ мағлубиятига эришиш лозим. Исроил ва минтақадаги дўстларимизни ҳимоя қилиш, шунингдек, биз билан ИШИД ва бошқа террористик гуруҳларга қарши курашганларга ғамхўрлик қилиш керак», –  деган Болтон. 

Унинг нутқи яҳудий давлати бошлиғи идораси томонидан Twitter'да эълон қилинди.

«Президент [Дональд] Трамп бир неча маротаба Исроилнинг ўз мудофаасини ташкил этиш ҳуқуқи ҳақида гапириб, буни қўллаб-қувватлаган. Мен минтақада, ундан бошқа исталган ҳудудда ҳам, бирон бир халқ Исроилнинг ўз мудофаасини қуришга шубҳа қилмаслигини тавсия қилардим. Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қайта тиклашга ҳаққи бор», – дея давом этди Оқ уй раҳбари ёрдамчиси.

7 январь куни яҳудий давлати ҳукуматининг ҳафталик йиғилишида Нетаньяҳу, Трампнинг Суриядаги Америка қўшинларини олиб чиқиш қарори асосида, Эроннинг минтақадаги тажовузини бартараф этиш, унга қарши тура олиш масалаларини Болтон билан музокара қилиш ниятида эканини маълум қилди.

2018 йил 19 декабрь куни Трамп Суриядан қўшинларни олиб чиқиш тўғрисида қарор чиқарганди. У буни Суриядаги ИШИД устидан қозонилган ғалаба ва террорчиларга қарши кураш АҚШ қуролли кучларининг ягона мақсади бўлгани билан изоҳлади. АҚШ расмийларининг таъкидлашича, қўшинларни олиб чиқиш 60-100 кун давом этиши мумкин. Шу билан бирга, Пентагон ИШИДга қарши кампания тугамаганлиги ва АҚШ ИШИДни мағлуб этиш учун ҳамкорлари ва иттифоқчилари билан ишлашни давом эттиришини таъкидлаган.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид