Ўзбекистон | 16:19 / 10.01.2019
19499
2 дақиқада ўқилади

Нотариал хизматлар янги тартибда кўрсатилади

Фото: Depositphotos

Адлия вазирининг буйруғи билан Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг янги таҳрири тасдиқланди.
 
Norma хабарига кўра, мазкур ҳужжатнинг илгари амал қилган таҳрири ўз кучини йўқотди.
 
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 25.05.2018 йилдаги ПҚ–3741-сон қарорида назарда тутилган нотариал хизматлар кўрсатиш тизимидаги янгиликлар жорий йилнинг 1 январидан кучга кирди. 
 
Қабул қилинган ҳужжат билан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш қоидалари ва уларнинг айрим турлари учун белгиланган қоидалар тартибга солинган («Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддаси). Хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаган шахсларнинг шу ерда янги қурилган уй-жой харид қилишига доир битимларни нотариал расмийлаштириш тартиби белгиланди.
 
Фуқароларнинг пойтахт ва пойтахт минтақасидаги янги қурилган уй-жойларни оширилган нархларда харид қилишига доир бунгача амал қилган чекловлар бекор қилинди. Энди фуқаролар ўртасида тузилган битимлар суммалари ҳисобга олинмайди. Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида прописка қилинган хорижликлар Тошкент ва Тошкент вилоятидаги уй-жойлар учун 3 300 ЭКИҲ тўлашлари керак бўлади.
 
Ҳужжатнинг янги таҳририда ушбу жиҳатлар ҳам ўз аксини топган. 
 
Маълумот учун. Кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини нотариал тасдиқлаш тартиби Кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда нотариал тасдиқлаш тартиби тўғрисида низомда белгиланган.

Ҳужжат 5.01.2019 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид