Ўзбекистон | 08:05 / 16.01.2019
5816
5 дақиқада ўқилади

2018 йилда маъмурий судлар томонидан 130 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо қўлланилди

Фото: Fotolia

2018 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 217 324 та иш кўриб чиқилди. Мазкур кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 24,2 фоизга камайган, деб хабар берди Kun.uz’га Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида 283 млрд. сўмдан зиёд мажбурий тўловларни ундириш ҳақида 236 030 та суд буйруғи чиқарилди. Ушбу кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан сумма бўйича 39,1 фоизга, суд буйруқлари сони бўйича эса 70,7 фоизга камайган. 

Кўриб чиқилган фуқаролик ишлари бўйича 186 335 та ҳал қилув қарорлари чиқарилди. Ушбу қарорлар бўйича талабларнинг 83,6%дан ортиғи қаноатлантирилди.
 
Фуқаролик ишлари бўйича судларда никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар бўйича 39 402 та, битимлар билан боғлиқ низолар ҳақидаги ишлар бўйича 30 413 та, турар жойдан кўчириш ҳақидаги ишлар бўйича 1 709 та, ишга тиклаш ҳақидаги ишлар бўйича 1 515 та ва ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги ишлар бўйича 1 208 та хал қилув қарорлари чиқарилди.  

80 113 та фуқаролик иши сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. 

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан аҳоли билан 5 879 та учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 1 317 та иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 541 та қарор бекор қилинди ва 112 та суд қарорлари ўзгартирилди.

Шунингдек, 2018 йил мобайнида маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган, хусусан, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш билан боғлиқ 22 052 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 17 007 та фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди, 130 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо қўлланилди.

Маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 477 316 нафар шахсга нисбатан 383 733 та иш кўриб чиқилди. Жумладан 317 200 нафар шахсга нисбатан жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоқ ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг аксариятини транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариши, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, тегишли ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш билан лицензиясиз шуғулланиш, майда безорилик, милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, паспорт тизими қоидаларини бузиш ва Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

Хусусан, маъмурий судлар томонидан транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ва транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 58 015 нафар шахсга нисбатан 57 179 та иш кўриб тамомланган. Шундан 6 264 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди, 44 367 нафар шахс эса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши натижасида жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 22 810 нафар шахсга нисбатан 22 182 та иш кўриб тамомланган. Шундан 19 211 нафар шахсга нисбатан жарима жазоси қўлланилди, 1 511 нафар шахс эса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Маъмурий судлар томонидан 215 788 та иш, яъни барча ишларнинг 56 фоиздан ортиғи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 3 012 та шикоят ва протестлар кўриб чиқилди, шундан 481 таси иш материаллари асосида ўрганилиб, қуйи судлар томонидан чиқарилган 101 та қарор бекор қилинди ва 69 та суд қарорлари ўзгартирилди.

Мавзуга оид