Эрон телеканали аёл бошловчисининг АҚШда ҳибсга олинганини маълум қилди
Эроннинг Press TV телеканали бошловчиси Марҳиз Ҳошимий АҚШда ҳибсга олинди. Бу ҳақда телеканалнинг твиттердаги саҳифасида маълум қилинди.
“Бизга журналистимиз ва бошловчимиз Марҳиз Ҳошимийнинг Вашингтонда ушланиб, ҳибсга олингани маълум қилинди”, дейилган хабарда. Телеканалда бошловчининг ушланиши сабаблари номаълумлиги, унга қарши айбловлар билдирилмагани маълум қилинган.
Телеканалнинг маълум қилишича, Ҳошимий 13 январда Сент-Луис аэропортида (Миссури штати) ҳибсга олинган. У бу ерга касал акасини кўргани Эрондан келган. Сўнгра ФҚБ ходимлари аёлни Вашингтондаги турмалардан бирига етказишган.
Tasnim ахборот агентлигининг хабар беришича, аёлга ҳалол ва вегетариан егулик беришдан бош тортилмоқда ва у ҳижобини ечишга мажбур қилинган.
Press TV инглиз тилидаги халқаро янгиликлар телеканали бўлиб, Эрон ҳукумати томонидан молиялаштирилади. Телеканалнинг коммуникациялар бўйича собиқ директори Шаҳоб Мусаватнинг айтишича, Теҳрон телеканалга эгалик қилмайди ва фақатгина унга ҳомийлик қилади.
Ҳошимий 1959 йилда Янги Орлеанда протестант-афроамерикаликлар оиласида туғилган. Даставвал унинг исми Мелани Франклин бўлган, бироқ Эрондаги 1979 йилги инқилобдан кейин у исмини ўзгартириб, ислом динини қабул қилган.
Январь бошида Эронда АҚШ қуролли кучларининг 46 ёшли фахрийси Майкл Уайт ҳибсга олингани маълум бўлганди. Унинг ҳибсга олиниши сабаби маълум қилинмаган.
Эрон ташқи ишлар вазирлиги аёл журналистнинг АҚШда ҳибсга олинишини ноқонуний деб атади.
“Бу инсон ҳуқуқларининг яққол бузилиши бўлиб, АҚШ ҳукумати ўз танқидчиларига ҳужум қилишда қўллайдиган тамойилларга ўзи амал қилмаслигини кўрсатади”, деб айтган Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Баҳром Қосимий. Унинг таъкидлашича, мусулмон аёлга нисбатан “камситувчи ва шафқатсиз” муносабат оқ танли бўлмаган фуқароларга нисбатан апартеид режимига мисол ҳисобланади.
Мавзуга оид
08:50
WSJ: Эрон армия иштирокида Исроилга «кучли» ҳужум тайёрламоқда
14:35 / 04.11.2024
АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади
11:10 / 04.11.2024
CNN: АҚШ сайловлари Путинни Киев билан мулоқотга ундамайди
09:30 / 04.11.2024