Банкротлик жараёнини соддалаштиришга оид ҳужжат лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди
Ўзбекистонда банкротлик жараёнини соддалаштириш режалаштирилмоқда. Бу борадаги президент қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди.
Лойиҳага кўра, 1 июлдан шундай тартиб ўрнатилиши режалаштирилмоқдаки, агарда банкротлик аломатлари аниқланганда қарздор – юридик шахсга нисбатан жами даъво суммаси энг кам иш ҳақининг 300 бараваридан, қарздор – якка тадбиркор ёки якка тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса жами даъво суммаси энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан кам бўлмаган тақдирда суд банкротлик тўғрисида иш қўзғатиши мумкин бўлади.
Ҳозирги тартибга кўра эса қарздор – юридик шахсга нисбатан жами даъво суммаси энг кам иш ҳақининг 500 бараваридан, қарздор – якка тадбиркор ёки якка тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса жами даъво суммаси энг кам иш ҳақининг 30 бараваридан кам бўлмаган тақдирда иқтисодий суд томонидан банкротлик тўғрисида иш қўзғатилиши мумкин.
Қарздорнинг кредитор олдидаги молиявий мажбуриятлари ёки солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар улар кучга кирган кундан бошлаб икки ой давомида бажарилмаган бўлса, унинг мажбуриятларни бажаришга лаёқатсизлигини банкротлик аломати деб тан олиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳада Бош прокуратура ва Олий суд 2019 йилнинг 1 майига қадар сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликни амалга оширганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутадиган қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш вазифаси юклатилган.
Ҳужжатга мувофиқ, банкрот бўлган қарздорларнинг мулклари суд бошқарувчилари томонидан E-IJRO AUKSION электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукционга қўйилади.
1 октябрдан бошлаб давлат хизматлари органлари аризасига кўра қўзғатилган соддалаштирилган банкротлик жараёнларида ликвидация амалиётини ўтказишда солиқ хизмати ходимларидан суд бошқарувчиларини тайинлаш тартибини бекор қилиш режалаштирилмоқда.
Мавзуга оид
09:55 / 15.10.2024
Автобус йўлакларида бошқа транспортларнинг ҳаракатланиши устидан назорат кучайтирилди
07:16 / 20.08.2024
Саноатни бошқаришнинг вертикал тизими жорий этилади
07:40 / 17.08.2024
Криптология соҳасида идоралараро эксперт гуруҳи ташкил этилади
07:15 / 24.07.2024