Ўзбекистон | 21:15 / 18.01.2019
24650
2 дақиқада ўқилади

Парвоздан олинган Dreamliner Амстердамда кўрикдан ўтди

Boeing 787-8 Dreamliner самолёти тўлиқ upgrade қилингач, у парвозга қўйилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

24 декабрь куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига қарашли, Москва-Тошкент йўналишида HY604 рейсини амалга оширган Boeing 787-8 Dreamliner самолёти парвози 1 соату 18 дақиқага кечикканди. 

Компания «кечикиш»ни йўловчиларни самолётга чиқариш ва ҳаво кемасининг музлашга қарши ишлови билан боғлаган. Dreamliner'нинг парвоздан олиниши эса самолётнинг қатор кўрсаткичлар бўйича пухта текширувдан ўтказилиши билан изоҳланганди.

«Меъёрдан оғиш аниқланган тақдирда, самолёт парвоздан олинади ҳамда қўшимча текширув ёки таъмирлашга жўнатилади», – дейилади хабарда.

Маълум қилинишича,  келгусида қиммат таъмирлаш ишларининг олдини олиш мақсадида, 24 декабрь куни двигателларини режали модификация қилиш (Upgrade) учун жўнатилган самолёт Нидерландиянинг Амстердам шаҳрида мутахассислар кўригидан ўтди. Dreamliner 14 январь куни Ўзбекистонга қайтган ва парвозга қўйилган.

Айни пайтда у Дубай, Истанбул, Сеул, Санкт-Петербург, Шаржа шаҳарларига қатновни амалга оширмоқда

16 январь куни компания авиапарки таркибидаги бошқа Dreamliner'нинг режали хизмат кўрсатиш ва модификацияга йўллангани ҳақида хабар тарқатди. 

Қайд этилишича, бу борада нотўғри маълумот тарқалишининг олдини олиш мақсадида Uzbekistan Airways томонидан Boeing ва General Electric компаниялари вакиллари иштирокида брифинг ташкил этилади.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурига кўра, 2019 йилда 2та янги  Boeing 787 Dreamliner самолёти харид қилинади.

Мавзуга оид