Жамият | 11:29 / 19.01.2019
34064
7 дақиқада ўқилади

Эски шаҳардаги эски муаммолар ёхуд Андижон шаҳар ҳокими ва “Автойўл” мутасаддилари шаҳар айланадими?

Андижон вилояти марказига келганки меҳмон Эски шаҳарни албатта кўради. Қадимий ёдгорликлар - Регистон майдони, музейлар, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан эсдалик обидалар, Хотира хиёбони, “Ўзбегим” кўнгилочар маркази – буларнинг ҳаммаси Эски шаҳарда жойлашган.

Водийдаги энг гавжум, турли мева-чевалари билан донг таратган  Деҳқон бозори ҳам Эски шаҳарда.  Мазкур бозор атрофини шунчаки “гавжум” дейиш бор манзарани тўлиқ ифодалаб бера олмайди. Чунки, савдо мажмуаси ҳудудида автомобиллар ва одамлар кўплигидан ҳаракатланишнинг ўзи қийин. 

Водийда жамоат транспорти дейилганда  “Дамас” автомобиллари тушунилади. Деҳқон бозори атрофида “Дамас”лар жуда кўплигидан машинага беталофат тушиб-чиқишнинг ўзи алоҳида жараён . Атрофингиз тўла машина. Ҳар бир қадамни олазарак бўлиб  босасиз.

Бозорга кириш кўчасидаги йўлнинг аянчли ҳолати эса неча йиллардан бери Эски шаҳарнинг оғриқли нуқтасига айланган.

Шаҳарнинг қоқ марказидаги  Абдурауф Фитрат номи билан аталувчи мазкур кўча охирги марта собиқ иттифоқ пайтида таъмирланган экан. Қаранг-а...“Эндигина 28 йил бўлибди”. Ҳозир кунига ўн минглаб одамлар фойдаланадиган бу йўлнинг ҳолатига қараб бўлмайди.

Ёзда чанг-тўзон, қишда кўлмак тўла чуқурлар.  Йўл ўртасида оғзини карракдек очиб канализация қудуқлари турибди. Автомашиналар сигнали тинмайди. Одамларнинг “Қоч-қоч”, “Пўшт-пўшт” ҳайқириқларидан, “бу ерга қайтиб келмасам”, дейсиз.

Пиёдалар ўтиш жойи ва автомашиналар ҳаракати учун мутлақо шароит йўқ. Автомобиль ҳайдовчилари ва пиёдалар ҳаракатини тартибга солувчи бирорта йўл белгисини кўрмайсиз. Тўрт томондан келаётган, бозор тўхташ жойидан чиққан ҳайдовчи хоҳлаган томонига хоҳлаган пайтида бурилиб кетаверади. Пиёда  минг хавотир билан машинадан тушиши ва эҳтиёт бўлиб ҳаракатланиши лозим. “Йўл ҳаракати қоидалари” бу жойда амалда эмас.  Ҳудудда қачон тозалик, ободончиликка эътибор берилганини эслаш қийин.

Ўтган йиллар давомида марказий ва маҳаллий телевидение орқали мазкур муаммо жуда кўп ёритилганидан бохабармиз. Танқидий кўрсатувда йўл мутасаддиси:  “Муаммо тез кунларда ҳал бўлади”, дегани ҳам эсимизда.

 Деҳқон бозорига бир кунда минглаб одамлар автомобилларда келади. Шу жойдан шаҳарнинг турли ҳудудларига маршрут таксилар, яъни “Дамас”лар қатнайди. Ҳайдовчилар йўлнинг ҳолати абгорлиги сабабли автомобилининг “ходовой” қисмлари ишдан чиқавергач, ўз ёнларидан пул йиғиб, кўчага шағал тўктиришибди. Ахир, йўлсозларга ишонишса, яна қанча баҳор-қиш ўтади?  

“Неча йиллардан бери мана шу йўлдан юрамиз. Ҳаммаёқ ўйдим-чуқур. Қишин-ёзин бир хил муаммолар. Шаҳар марказидаги бу ҳолатга мутасаддиларнинг ҳеч эътибор бермаганига ҳайронмиз”, дейди йўловчи Ўғилхон Баратбоева.

Маршрут такси ҳайдаб эл хизматини қилаётган Раҳматулло Рустамҳожиев ҳам ҳайдовчиларнинг дардини айтди: “Мен “Эски шаҳар - Узумзор” йўналишида маршрут такси ҳайдайман. Йўлнинг ёмонлиги оқибатида уловларимиз ишдан чиқавергач, ўзимиз ҳайдовчи йигитлар билан 10-15 минг сўмдан пул йиғиб шағал тўктирдик. Эски шаҳарга узоқ-яқиндан меҳмонлар кўп келади. Йўлларга эътибор беришса бўларди”, дейди у.

Абдурауф Фитрат ва Мустақиллик кўчалари кесишган жойдаги афтодаҳол йўл ва тартибсизликни тасвирга туширдик.

Шаҳар ички йўлларига масъул идорани қидирамиз. Биринчи борган жойимиз вилоят “Автойўл” ташкилоти бўлди. Мазкур ташкилотдаги ходим вилоят “Автойўл” ташкилоти фақат катта магистрал йўлларга масъул эканини айтди. Вилоят магистрал йўлларидаги ҳолатга навбатдаги мақоламизда тўхталамиз. Бу алоҳида, каттароқ мавзу.

Шундан сўнг ички йўллар таъмирига масъул бўлган “Андижон минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” корхонасига мурожаат қиламиз. Ташкилот бош муҳандиси Алёрбек Ҳожиматов билан А. Фитрат кўчасини бирга кўздан кечирдик. Мутасаддидан тузук-қуруқ, жўяли жавоб ололмадик.

Алёрбек Ҳожиматов бизга: “Шаҳарда таъмирталаб ички йўллар кўп. Аста-секин қиляпмиз. “Андижон минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” А. Фитрат кўчасини таъмирлаш юзасидан 2018 йил бошида “Андижон кўприклардан фойдаланиш” унитар корхонаси билан шартнома имзолаган. “Бажарилувчи” кўча тендер йўли билан эмас, балки протокол орқали берилган. Тез кунларда таъмирлашни бошлаймиз”, деган кўп ишлатиладиган “навбатчи” жавобни берди.

“Андижон кўприклардан фойдаланиш” унитар корхонаси раҳбари Зафарбек Исфандияров эса кўчага бугундан бошлаб шағал тўкилишини билдирди. 

Андижон шаҳрида ўн йиллардан бери таъмирталаб бўлиб ётган йўллар жуда кўп. Уларга мутасаддилар эътибор бермаётгани ажабланарли. Ўтган 2018 йил айни қиш пайтида шаҳардаги “Пистамозор” масжиди атрофидаги йўлларнинг аянчли ҳолати ҳақида ёзган эдик. Кеча ўша манзилга яна бориб ўргандик. Шаҳар ҳокимлиги, йўл мутасаддилари эътибор бериб ҳам қўймаган. Ўша-ўша ҳолат.

Бугунги видеомақолада кўпмиллионлик аҳолига эга вилоятнинг қоқ марказидаги йўл муаммосини кўтардик.

Tas-IX

YouTube

Бугунги кунда энг меъдага теккан ибора бор. Бу ҳам бўлса раҳбарлар томонидан “Мана, секин-секин бўляпти” деган сўз. Ҳокимлик вакиллари, мутасаддилар билан суҳбатлашсангиз, “Аста-секин бўляпти. Кўряпсиз-ку? Бирданига ҳамма нарса битиб қолавермайди. Шошилманг, журналист”, дея қутулиб кетишади. “Секин-секин бўляпти” деган худди шундай ваъданинг орқасидан Эски шаҳардаги йўл ўттиз йилдан  бери абгор.  

Таажжуб... “Автойўл” мутасаддилари  йиллар давомида шаҳар марказидаги йўлнинг пиёдалар ўтиш жойига чизиқ тортиб қўйишга ярамадилар. Ҳозир кўчанинг нариги бетига ўтиш учун алоҳида спорт секциясида тайёргарлик кўриш керак. Пиёдалар ва ҳайдовчилар учун йўл белгиларини ҳам маршрутдаги ҳайдовчилар пул тўплаб қилишини кутишяпти чоғи...  

Шаҳар ҳокими, вилоят ва шаҳар йўл мутасаддилари наҳотки ўз ҳудудларини ҳеч бўлмаса ойда бир бор кўздан кечириб айланмасалар. Ахир, бу муаммо жуда кўп йиллардан бери бор-ку?  

Президентимиз ўз маърузаларида аҳоли ижобий ўзгаришларни қачонлардир эмас, балки бугун амалга ошишини кутаётганини кўп бора таъкидламоқда.

Ўйлаймизки, Андижон шаҳри мутасаддилари бу сафар муаммога ўнг кўз билан қараб, ижобий якун ясайдилар.    

Элмурод Эрматов, Андижон
KUN.UZ мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид