Ўзбекистон | 12:05 / 21.01.2019
4930
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Республикасининг Консуллик устави янги таҳрирда қабул қилинди

Ўзбекистон Республикасининг президенти “Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 8 ноябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 13 декабрда маъқулланган.

Қонунга кўра, консуллик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахслари консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларида, Ўзбекистон Республикаси ва консуллик муассасаси жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларда берилган барча ҳуқуқлардан тўлиқ ҳажмда фойдаланиш имкониятига эга бўлиши учун Ўзбекистон Республикаси томонидан чоралар кўриш мақсадида амалга оширилади.

Консуллик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан яхши қўшничилик ҳамда дўстона муносабатларини ривожлантиришга, иқтисодий, савдо, илмий-техникавий, маданий алоқаларни ва бошқа алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашиш учун йўналтирилгандир.

Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан консуллик муносабатларини ўрнатиш ўзаро келишувга кўра амалга оширилади.

Икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларни ўрнатишга доир келишув, агар бошқача қоида шартлашилмаган бўлса, консуллик муносабатларини ўрнатишга бўлган розиликни билдиради.

Дипломатик муносабатларнинг узилиши консуллик муносабатларининг автоматик узилишини ва Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаси фаолиятининг тугатилишини англатмайди.

Консуллик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналарининг консуллик бўлимлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўз ваколатлари доирасида консуллик фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Консуллик муассасаси Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси жойлашган давлат ҳудудида консуллик округи доирасида Ўзбекистон Республикаси номидан консуллик функцияларини бажарувчи ташқи алоқалар бўйича давлат органидир. Консуллик муассасаси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимига киради.

Консуллик муассасаси консуллик муассасаси жойлашган давлатдаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси бошлиғига бўйсунади ва унинг умумий раҳбарлигида фаолият кўрсатади. Консуллик муассасаси жойлашган давлатда Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонаси мавжуд бўлмаган тақдирда, консуллик муассасаси бевосита Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига бўйсунади.

Консуллик муассасаси юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланади, ўзига бириктирилган мол-мулкка, реквизитларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга (муҳрларга), тегишли штамплар ва бланкаларга, шунингдек банкларда ҳисобварақларга эга бўлади.

Консуллик хоналаридан, шу жумладан бинолардан ёки биноларнинг қисмларидан ҳамда бундай биноларга ёки уларнинг қисмларига хизмат қилувчи ер участкасидан, уларга бўлган мулк ҳуқуқидан қатъи назар, консуллик вазифаларининг бажарилишига мувофиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланилмаслиги керак.

Консуллик муассасалари қуйидаги даражаларга бўлинади:

бош консуллик муассасалари;
консуллик муассасалари;
вице-консуллик муассасалари;
консуллик агентликлари.

Консуллик муассасаси консуллик муассасаси жойлашадиган давлат ҳудудида шу давлатнинг розилиги билан очилади.

Консуллик муассасаси Ўзбекистон Республикаси президентининг қарорига биноан очилади.

Консуллик муассасасининг жойлашиш ери, ушбу муассасанинг даражаси ва консуллик функцияларини бажариш учун консуллик муассасасига ажратиладиган консуллик округи консуллик муассасаси жойлашадиган давлат билан келишувга кўра белгиланади.

Консуллик муассасасининг жойлашган ерини, ушбу муассасанинг даражасини ва консуллик округини кейинчалик ўзгартириш фақат консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Консуллик муассасалари консуллик муассасаси жойлашган давлатда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ҳамда нормаларига, Ўзбекистон Республикаси ва консуллик муассасаси жойлашган давлат иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга ҳамда консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар ва иммунитетлардан фойдаланади.

Консуллик муассасаси ўзи эгаллаб турган бинога Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ҳамда қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ва консуллик муассасаси жойлашган давлат тилида консуллик муассасасининг номи ёзилган пешлавҳа ўрнатиш ҳуқуқига эгадир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи доимий равишда консуллик муассасаларининг биноларида ёки ҳудудларида ва транспорт воситаларида, шунингдек консуллик муассасалари бошлиқларининг хизмат хоналарида кўтарилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири доимий равишда консуллик муассасаси биносининг олд томонига, шунингдек консуллик муассасалари бошлиқларининг хизмат хоналарига жойлаштирилади.

Бу ҳуқуқларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, дипломатик протокол қоидалари, шунингдек консуллик муассасаси жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатлари ҳамда урф-одатлари инобатга олиниши керак.

Консулликнинг мансабдор шахслари ўз ваколатлари доирасида:

1) хорижда доимий яшаётган шахслардан Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларига доир аризаларни қабул қилади;
2) Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларига доир аризаларни асослаш учун тақдим этилган фактлар ва ҳужжатларни текширади;
3) фуқаролик масалаларига доир аризаларни зарур ҳужжатлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборади;
4) хорижда доимий яшаётган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублигини аниқлайди;
5) хорижда доимий яшаётган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганлигини рўйхатдан ўтказади;
6) хорижда доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳисобини юритади.

Консулликнинг мансабдор шахслари зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги билан боғлиқ масалалар юзасидан қўшимча маълумотларни сўраб олиши мумкин.

Мавзуга оид