Ўзбекистон | 20:35 / 22.01.2019
34092
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида пиёдани уриб кетган ҳайдовчи аниқланди

Фото: Тошкент вилоят ИИБ

Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ ва Тошкент тумани ИИБ томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ярим тунда пиёдани уриб кетгач, воқеа жойидан қочиб кетган ҳайдовчи ва унинг автомашинаси аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ Kun.uz мухбирига маълум қилди. 

Ҳодиса 2019 йил 22 январь куни Тошкент вилоятининг Тошкент туманида рўй берган. Номаълум автомашина ҳайдовчиси томонидан Тошкент-Тўлабек автомобиль йўли бўйлаб, Тошкент шаҳридан Тўлабек МФЙга ҳаракатланаётиб, шу йўналиш бўйича ҳаракатланаётган пиёда Ж.З.ни уриб юборган. Шундан сўнг, воқеа жойидан яширинган. Пиёда Ж.З. елка ўмров суягининг ёпиқ синиши тан жароҳати билан туман марказий шифохонасига ётқизилган.

Тошкент вилояти ЙҲХБ ва Тошкент тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув ва суриштирув ишлари натижасида жиноят иссиқ изидан фош этилди. Ушбу йўл-транспорт ҳодисасини Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 7-мавзесида истиқомат қилувчи,  1982 йилда туғилган ҳайдовчи «Матиз» русумли автомашинасида содир этгани аниқланган. Ҳайдовчига нисбатан ЎзР ЖКнинг 117-моддаси, яъни «хавф остида қолдириш» ҳамда 266-моддаси, яъни «транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш»нинг тегишли қисмлари билан жиноий иш қўзғатилди. 

Гумонланувчининг айби исботланиб, жиноий иш судга оширилган тақдирда, 117-модда биринчи қисмига кўра, уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ва 266-модданинг биринчи қисмига биноан энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.

Мавзуга оид