Халқ таълими вазирлиги кескин танқидларга сабаб бўлган қарор лойиҳаси юзасидан изоҳ берди
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан “Халқ таълими тизимидаги оммавий ахборот воситалари ролини янада ошириш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланди ва муҳокама учун омма эътиборига ҳавола этилганди.
Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, ҳужжат эълон қилинганидан сўнг бир неча нашрларда, хусусан, ижтимоий тармоқларда ушбу қарор лойиҳасига қарши танқидий мақолалар чоп этилди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ушбу ҳужжат бўйича ўз изоҳини тақдим этди.
1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги босма нашрларга қарши эмас, аммо халқ таълими тизимида мажбурий обунага йўл қўйилмаслигини таъкидлайди. Барча босма нашрлар халқ таълими тизими ходимлари орасида тарғибот ишларини олиб борган ҳолда ихтиёрий обунани ташкил этишлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги педагоглар нашрларни мутолаа қилган ҳолда ўз малакалари ва билимларини ошириб боришлари тарафдори.
2. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимида “Бошланғич таълим” журнали таҳририяти”, “Тил ва адабиёт таълими”, “Преподавание языка и литературы”, “Lаnguage and literature teaching” журналлари таҳририяти”, “Халқ таълими” журнали таҳририяти, “Маърифат” ва “Учитель Узбекистана” газеталари таҳририяти Давлат корхонаси, “Тонг юлдузи” газетаси таҳририяти Давлат корхонаси, “Класс” газетаси таҳририяти Давлат корхонаси, “Ғунча” журнали таҳририяти Давлат корхонаси ва “Гулхан” журнали таҳририяти Давлат корхонаси фаолият юритмоқда. Уларнинг барчаси давлат корхонаси бўлиб, ягона давлат унитар корхонасига бирлаштирилиши юридик жиҳатдан ҳеч қандай ўзгаришга олиб келмайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги юқорида номи келтирилган барча нашрларда асосий таъсисчидир. Шу пайтгача, вазирлик мамлакатимиз қонунлари доирасида фаолият юритиб, таҳририят сиёсатига аралашмаган ва цензурага йўл қўймаган. Бундан кейин ҳам Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мазкур нашрлар билан мамлакатимиз қонунлари доирасида иш олиб боради ва цензурага йўл қўймайди.
4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги юқорида келтирилган ташкилотларнинг асосий таъсисчиси эканлигини ҳисобга олсак, Ўзбекистон Республикаси қонунлари доирасида уларнинг молиявий-иқтисодий фаолиятларини текшириб туришга ҳақлидир.
5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг янги жамоаси тайинланганидан бери, вазирлик ўз муассислигидаги таҳририят ходимларининг ойликларини ошириш ёки уларга мукофот бериш масалаларига аралашмаган. Таҳририятлар ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда, бу масалаларни мустақил белгилайдилар.
6. “Халқ таълими тизимидаги оммавий ахборот воситалари ролини янада ошириш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқишдан асосий мақсад, таҳририятлар фаолиятига самарали менежмент ва маркетинг тизимларини жорий этиш орқали уларнинг обуна ва рекламага жалб этиш бўйича фаолиятини такомиллаштиришдан иборат. Шундагина нашрларнинг фаолияти ягона молиявий-хўжалик бошқаруви, таъминоти ва бухгалтерия тизимига ўтиши ҳисобига бошқарув ва ноишлаб чиқариш харажатларини қисқартиришга эришилади. Молиявий ресурсларни бирлаштириш эвазига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ходимларни моддий рағбатлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда бошқа ривожланиш лойиҳаларини молиялаштирилади.
Мавзуга оид
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
16:29 / 21.10.2024
Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади
18:35 / 03.10.2024