Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги бош вазирга бўйсуниши белгиланди
Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинган.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ташкилий тузилмаси;
Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг марказий аппарати тузилмаси тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг бошқарув ходимлари чекланган сони 90 нафар, шу жумладан, Агентлик марказий аппаратининг бошқарув ходимлари чекланган сони 50 нафар этиб белгиланди.
Агентлик директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
зарур ҳолларда, Агентлик марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;
Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари тузилмаларини тасдиқлаш;
бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида Агентлик ҳудудий бошқармаларининг бошқарув ходимлари чекланган сонини тасдиқлаш;
Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Агентлик бошқарув мутахассисларининг қўшимча штат бирликларини киритиш;
маҳаллий ва хорижий малакали мутахассисларни ходим ва маслаҳатчи сифатида, истисно тариқасида уларга Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорини белгилаган ҳолда, жалб қилиш;
Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Агентлик ходимларининг асосий эгаллаб турган лавозимига кўра лавозим маошлари (тариф ставкалари)га, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, устама ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни белгилаш;
Агентликка юклатилган вазифаларни бажариш учун шартнома асосида жалб этиладиган малакали хорижий мутахассисларнинг иш ҳақи миқдорини халқаро тажриба ва бозор шароитларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар Агентликни таъминлаш бўйича харажатларнинг молиялаштириш манбалари этиб белгиланди.
Белгиланишича:
а) Агентлик:
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш марказининг қимматли қоғозлар бозорини, шу жумладан, қимматли қоғозлар савдосини ташкил этувчиларни ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсини тартибга солиш, шунингдек, корпоратив бошқарувни ривожлантириш борасидаги барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади;
ўз ваколатларини мустақил равишда ва барча давлат органлари, ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил ҳолда олиб боради ҳамда ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси бош вазирига бўйсунади ва ҳисобот беради;
фонд биржалари фаолиятини ва қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни лицензияловчи орган ҳисобланади;
лотереялар ташкил этиш фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади;
б) Агентлик фаолият соҳасига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Агентлик билан мажбурий тартибда келишилиши шарт;
в) мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотларда Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича текширувлар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилиш тартибида ва Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказилган ҳолда амалга оширилади;
г) Агентлик директори, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шароитлари бўйича тегишли равишда вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади;
д) Агентликнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш Агентлик директори томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади;
е) Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторининг ишга қабул қилишда таълимнинг энг паст даражаси, ишчилар касблари бўйича малака даражаларини белгилаш борасидаги талаблари хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган тегишли йўналишдаги мутахассисларга нисбатан, истисно тариқасида, Агентлик учун тавсиявий хусусиятга эга;
ж) Агентлик ходимларига тугатилаётган Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази ходимлари учун назарда тутилган тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби сақлаб қолинади;
з) Давлат рақобат қўмитаси ва Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази томонидан аввал берилган ҳужжатлар ва илгари улар томонидан қабул қилинган қарорлар ўз кучини сақлаб қолади ва ушбу органларнинг қайта ташкил этилиши муносабати билан уларни бекор қилиш ёки ўзгартириш талаб этилмайди;
и) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан аввал берилган лотереяларни ташкил этиш фаолиятини юритиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар уларнинг муддати тугагунга қадар ўз кучини сақлаб қолади ва ушбу ваколатлар Агентликка ўтиши муносабати билан қайта расмийлаштирилмайди.
Агентлик ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бюджетдан ташқари Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилади.
Жамғармани шакллантиришнинг асосий манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:
фонд биржасида қимматли қоғозлар савдосини амалга оширишда сотувчи томонидан тўланадиган йиғим;
эмиссиявий қимматли қоғозларнинг дастлабки чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўланадиган йиғим;
эмиссиявий қимматли қоғозларни йириклаштириш жараёнида уларнинг номинал қиймати оширилганда эмитент томонидан тўланадиган йиғим;
лотереяларни ташкил этиш фаолиятини юритиш ҳуқуқини берувчи лицензия талабгорининг аризасини кўриб чиқиш ва лотерея ўтказиш шартларини тасдиқлаш учун ундириладиган йиғим;
Агентлик томонидан белгиланган тартибда ундириладиган бошқа йиғимлар;
Агентлик томонидан хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан қимматли қоғозлар бозори ҳамда лотереяларни ташкил этиш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ундириладиган жарималардан келиб тушган маблағлар;
Жамғарма маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;
халқаро ташкилотлар ва институтлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг грант маблағлари ва ҳомийлик хайриялари;
қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Мавзуга оид
13:30 / 31.10.2024
Атом энергияси агентлигининг асосий вазифалари белгиланди
07:36 / 25.10.2024
Миграция агентлигининг айрим функциялари хусусий секторга ўтказилади
11:40 / 16.10.2024
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорига ўринбосар тайинланди
09:50 / 04.10.2024