Жамият | 19:00 / 25.01.2019
8392
4 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги маданий мерос объектлари атрофида биоҳожатхоналар ўрнатилмоқда

Тошкент вилояти бўйлаб янги типдаги биоҳожатхоналар ўрнатилиши давом этмоқда, уларда ҳатто ногиронлиги бўлган кишилар учун ҳам шароит яратилган. Вилоят туризмни ривожлантириш департаменти бўлими вакиллари Kun.uz'га шу ҳақида маълум қилишди. 

Вилоят ҳокимининг 2017 йил 22 сентябрдаги 543-сонли “Туристлар ташриф буюрадиган маданий мерос объектлари, зиёратгоҳлар, музейлар, меҳмонхона хизмати, ҳунармандлар уйлари ва бошқа туризм объектлари, умумий овқатланиш объектлари хамда аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, шоҳбекат, йўл бўйи хизмат кўрсатиш шохобчалари, истироҳат боғлари ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларидаги ҳожатхоналарни санитария-гигиена қоида ва меъёрларига мослаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида барча шаҳар ва туманлар, айниқса туристлар кўп ташриф буюрадиган ҳудудларда туристик объектларнинг санитария-гигиеник шохобчалари (СГШ) ҳолати, ободонлаштириш ва тозаликка риоя қилиш бўйича хатловлар ташкил этилди. Ўрганиш жараёнида ҳудудлар босқичма-босқич хатловдан ўтказилди, аниқланган камчиликлар ҳақида маълумотномалар тузилиб, жойларда ҳокимликларга тақдимнома сифатида киритилди ва мутасадди ташкилотларга мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳақида кўрсатмалар берилди. Хўжалик юритувчи субъектларга маслаҳат ва кўрсатмалар берилди. Натижада кўплаб объектлар эгалари томонидан камчиликлар бартараф этилди. 

Фото: Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти

Жумладан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг комиссияси томонидан аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан жами 61 та маданий мерос обидаси, зиёратгоҳ ва қадамжоларнинг еттитасида ҳожатхоналар таъмирланди ёки янгидан қурилди, ободонлаштириш ва тозалаш ишлари амалга оширилди. Яна 9 та объектни таъмирлаш, ободонлаштириш ва консервация қилиш учун 3 млрд сўм ажратилган ва тегишли муассасалар томонидан ташкилий ишлар амалга оширилмоқда. Қолган объектларда СГШларни тартибга солишда ишларни ташкил этиш ва назоратни кучайтириш учун “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқармасининг Тошкент  вилояти давлат инспекцияси” га сўров-хати юборилди. 

Бундан ташқари, вилоятда мавжуд АГТКШ ва АЁҚШ лардан комиссия томонидан 38 объектнинг санитария-гигиеник ҳолати қониқарсиз деб топилган бўлиб, ҳозирги вақтда “Ўздавнефтгазинспекция” Тошкент вилоят ҳудудий бошқармасига кўрсатма-хат юборилган бўлиб, камчиликларни бартараф этишга доир ишлар олиб борилмоқда. Ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида сайёҳлар кўп зиёрат қиладиган объектларда замонавий СГШлари  қурилди, туристлар диққатини тортувчи объектлар ўрнатилди. Зарур ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолатда қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига сарфланган харажатлар ижара тўловлардан айрилиши назарда тутилганлиги ҳақида маданий мерос объектлари эгаларига тушунтирилди.

Режага асосан Тошкент вилояти бўйлаб янги типдаги биоҳожатхоналар ўрнатилиши давом этмоқда. Оҳангарон туманидаги Шоабдумалик ота зиёратгоҳи ёнида намунавий янги типдаги ҳожатхона ўрнатилди. Пискент туманидаги “Парпи ота” зиёратгоҳида барча қулайликларга эга бўлган, жумладан, ногиронлиги бўлган кишилар учун ҳам шароит яратилган ҳожатхона ишга туширилди.

Шунингдек, декабрь ойида ўрнатилиши режалаштирилган жами 8 та ана шундай ҳожатхонадан 6 таси ўрнатилди ва фойдаланишга топширилди. Улар туристлар серқатнов манзилларда - Паркент туманидаги Гулобод МФЙ, Сўқоқ қишлоғи Чашма МФЙ, Хусорак қишлоғи Қуёш МФЙ ҳамда Пискент туманидаги  Бобоғози Турктоғон бува қабристони каби ҳудудларда жойлаштирилди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид