Жамият | 13:01 / 25.01.2019
6148
2 дақиқада ўқилади

“Вақф” Фонди учта қишлоққа сув олиб боради

Юртимизнинг айрим ҳудудларида аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи етарлича таъминланмаган бўлиб, бунга ичимлик суви манбааларининг узоқда жойлашганлиги ҳамда сувни етказиб беришнинг қимматлиги сабаб бўлмоқда.

Тоза ичимлик сувини узоқ масофадан ташиб келувчи ҳамда узоқ муддат қудуқларда туриб қолган сувларни истеъмол қилувчи юртдошларимизга кўмак кўрсатиш мақсадида “Вақф“ хайрия жамоат фонди томонидан “Оби-ҳаёт“ номли акция ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ижросини таъминлаш, фармоннинг 8-бандида кўзда тутилган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани Боғи Обод, Себзор ва Эҳтиром маҳаллалари аҳолисига “Вақф“ хайрия жамоат фонди томонидан кўмак кўрсатилмоқда. 12 минг нафарга яқин аҳоли яшовчи ушбу қишлоқларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан тоза ичимлик суви тармоғини ўтказиш ишлари бошлаб юборилди.

Фонд томонидан бир километрлик қазиш ва монтаж ишларига кўплаб инсонлар иштирок этмоқда.

Ҳазрати Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Ким сув бор жойга сув чиқарса, бир жонни озод қилгандек бўлади, ким сув йўқ жойга сув чиқарса, бир жонни тирилтиргандек бўлади” (Ибн Асокир ривояти).

Фонд юртимиз аҳолисини “Оби-ҳаёт“ акциясида фаол иштирок этишга, тадбиркорларни эса шундай эзгу амалларни бажаришда қатнашишга чақиради.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид