Жамият | 08:24 / 27.01.2019
4754
2 дақиқада ўқилади

“Вақф” фонди Андижонда саховат тадбири ўтказди

“Вақф” хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Андижон вилояти вакиллиги мажлислар залида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қувватлаш мақсадида саховат тадбири ўтказди. 

Тадбир аввалида Андижон вилояти бош имом хатиби Нуриддин Холиқназаров, “Вақф” фонди раҳбари Искандар Халиловлар сўз олиб,  хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилаётган савобли лойиҳалар, турли акциялар ҳақида маълумот бердилар.

Шундан сўнг вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан келган 18 нафар имконияти чекланган кишига ногиронлик аравачалари, 80 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакилларига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Вилоят ҳудудида фаолият юритаётган масжидларга китоб жамланмалари ҳадя қилинди. Тадбир давомида “Вақф” фонди томонидан 100 миллион сўмдан зиёд хайрия амалга оширилди. 

Андижон шаҳри ва Андижон туманида яшовчи икки нафар оғир бемор ҳолидан хабар олиниб, уларга ногиронлик аравачалари топширилди.

Элмурод Эрматов, Андижон
KUN.UZ мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид